«Постапокалипсис»: Австралия ўрмонлари нега ёнмоқда?

«Постапокалипсис»: Австралия ўрмонлари нега ёнмоқда?

Австралияда ярим йилдан буён тўхтамаётган ўрмон ёнғинлари дунё  жамоатчилигини ташвишга солмоқда.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Австралия иқлими ва табиий рельефи туфайли қитъада ўрмон ёнғинлари ҳар йили, мавсумий тарзда кузатилади. Одатда ёнғинлар мавсуми материкдаги ёз ойларига тўғри келади – декабрдан бошланиб, мартгача давом этади, дейди "kun.uz".

Ҳозир давом этаётган ёнғинлар 2019 йил июнь-июль ойларидан бошланган эди. Декабрь ойига келиб, Янги Жанубий Уэльс штатида фавқулодда ҳолат эълон қилинди – ёнғинлар кўлами ушбу штат учун рекорд даражага етди. Табиий офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд ҳам айни шу штат.

Сабаб нимада?

Асосий омиллар иккита – рекорд даражадаги юқори ҳаво ҳарорати ва бир неча йиллик қурғоқчилик. Шунингдек, океан юзасидаги ҳароратнинг ортиши ҳам вазиятга таъсир қилган.

Мисол учун, 4 январь куни Сидней яқинидаги Пенрит шаҳрида 48,9 градус иссиқ қайд этилди. Бу – шаҳар тарихидаги энг юқори ҳарорат. Ўша куни дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида бу қадар юқори иссиқлик қайд этилмади.

Табиий офат натижасида ҳосил бўлаётган тутун маҳаллий иқлимда аномал ўзгаришларни келтириб чиқаряпти. Бу эса чақмоқлар сонининг ортиши, натижада янги ёнғин ўчоқларининг ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда.

Қурбонлар                        

Ёнғин қурбонлари сони 30 нафарга яқинлашган. 14 январь ҳолатига кўра, 5900дан ортиқ бино, жумладан 2600дан зиёд хонадонлар оловдан зиён кўрган.

Қачон тугаши номаълум бўлган ёнғин натижасида баъзи ҳайвон турлари бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин.

Ёнғинда қирилган жониворлар бўйича аниқ рақамлар мавжуд эмас. Аммо Сидней университети 1,2 млрд.га яқин жонзотнинг ҳалок бўлганини маълум қилган. Университет профессори Крис Дикманнинг сўзларига кўра, январь ойининг аввалига қадар Янги Жанубий Уэльс штатининг ўзида 800 млн.дан зиёд ҳайвон қирилгани қайд этилган.

«Ҳозирча фақатгина бевосита ёнғиннинг ўзида ҳалок бўлган жониворлар ҳисобланмоқда. Атрофга тарқалган тутун натижасида ҳамда ўзининг табиий турар жойини йўқотиши оқибатида нобуд бўлган жониворлар бўйича ҳали бош қотирилгани йўқ. Шунингдек, кўршапалак, қушлар, репителий ва бошқа умуртқасизлар ҳам саноқда йўқ», – дейилади университет ахборотида.

Маълумотга кўра, жониворлар ичида энг кўп зарар кўрган тур – коалалар ҳисобланади. Коала табиатан жуда секин ҳаракатлангани боис олов ичидан чиқиб кетишда қийналади. Австралия атроф-муҳит вазири Сусанна Лейнинг сўзларига қараганда, мамлакатда коалаларнинг 30 фоизи қирилиб кетган бўлиши мумкин. Ёнғинлар бошлангандан бери 8 мингдан зиёд коала нобуд бўлгани айтилмоқда.

The Sydney Morning Herald ахборотига кўра, Австралия ҳукумати коалани йўқолиб бораётган жонзотлар рўйхатига киритиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Маълумот учун, Австралиянинг рамзларидан бирига айланган коала бир йилда мамлакат туризмига 2,5 млрд долларгача фойда келтиради.

Иқтисодий талофат

Bloomberg прогнозига кўра, ушбу ёнғинлар ЯИМнинг ўсишини 0,1-0,25 фоизга секинлаштириши мумкин. Бевосита иқтисодиётга етадиган зиён 3,5 млрд долларни ташкил этади.

Тутун тарқалиши натижасида сайёҳларнинг Австралияни тарк этиши эса 800 млн доллар зарарга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, NASA маълумотига кўра, пойтахт Канберрада ҳавонинг ифлосланиш даражаси 26 бараварга ошган.

Ёнғин билан курашиш учун уч мингдан ортиқ инсон кучи жалб қилинган. BBC ахборотига кўра, курашаётганларнинг аксариятини кўнгиллилар ташкил этади. АҚШ, Канада, Янги Зеландия, Малайзия ва Польшадан ҳам ёнғинни ўчириш учун ёрдам кучлари етиб келган.

Австралияга кўмак бериш учун хайрия маблағларини жамлаш машҳурлар орасида ҳам, Твиттер ва Инстаграм фойдаланувчилари орасида ҳам оммалашди. Жами 131 млн АҚШ доллари Австралияга хайрия учун жамланди.

Шунингдек, мамлакат ҳукумати талафотларни бартараф этиш учун 1,4 млрд доллар миқдорида маблағ ажратишни режалаштиргани маълум қилинди.

Бу ҳали ҳаммаси эмасми?

Январь ойи бошида мавсумнинг биринчи тропик циклони олиб келган ёмғирлар алангани қисман пасайтиришга ёрдам берди. Ёғингарчилик офат ўчоқлари энг кўп бўлган Янги Жанубий Уэльс ва Виктория штатига ҳам ўтди. Агар бу штатлардаги ёнғинлар бир-бири билан тўқнашса, ёнғин кўлами яна ҳам кенгайиб кетиши хавотири мавжуд. Ёғингарчилик миқдори ҳали етарли эмас.

Ўрмон ёнғинлари мавсуми Австралияда доимий равишда кузатилади. Монаша (Мельбурн) университети профессори Невилл Николлснинг сўзларига кўра, ёнғинлар мавсумининг пик нуқтаси ҳали ўтгани йўқ. Энг кучли иссиқ февраль ойида кутилмоқда. Австралия метерология бюроси эса, ўз навбатида, ёғингарчиликнинг ҳам юқори бўлишини тахмин қилмоқда.

Австралия ёнғинларидан ҳосил бўлаётган тутун аллақачон Чили, Аргентина, Янги Зеландияга қадар етиб боргани маълум бўлди. БМТ тутунлар Антарктида қирғоқларини ҳам забт этганини тахмин қилмоқда.

Австралия тарихидаги энг йирик ёнғинлар эмас

14 январь ҳолатига кўра, қитъадаги ўрмон ёнғинлари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида 18,6 млн гектарни қамраб олган.

Тасаввур учун, бу – Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизи, Австралия ҳудудининг 2,4 фоизига тенг.

Австралия тарихидаги энг йирик ёнғин 1974-75 йиллар мавсумига тўғри келади. Ўшанда материкнинг 15 фоиз ҳудуди олов билан қопланган – ёнғин кўлами 117 млн гектарни ташкил этганди.

Бундан олдинги ва кейинги йилларда ҳам яна бир неча маротаба ҳозиргидан икки баробар кўпроқ ҳудудни қамраган ўрмон ёнғинлари кузатилган. Мисол учун, 2002 йилдаги табиий офат 38 млн гектарга ёйилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!