Олмалиқ кон-металлургия комбинати 2023 йилда 6,7 триллион сўм соф фойда кўрди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати 2023 йилда 6,7 триллион сўм соф фойда кўрди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати 2023 йилда қанча соф фойда кўргани ва 2024 йилда режалаштирилган ишлар бўйича маълумот берилди. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси ўринбосари Равшан Мақсумов, бош муҳандиснинг технологиялар бўйича ўринбосари Абдуқаҳҳор Сайназаров иштирокидаги ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида сўз борди.

Унда сўз олган масъуллар комбинат 2023 йилда 31,7 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарганини, 1 миллиард 128 миллион 200 минг долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб, 661,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинганини очиқлади.

Таъкидланишича, комбинатда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 429 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Маҳсулот таннархини тушириш бўйича 404,7 миллиард сўмлик натижа қайд этилган.

14,95 триллион сўм маблағ эса бюджетга тўлаб берилган. 6,7 триллион сўм соф фойда олинган. 163,5 миллиард сўмлик геология-қидирув ишлари бажарилган.

ОКМКда инвестициявий лойиҳалар ҳам муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, “Ёшлик-1” лойиҳасининг тоғ-кон мажмуаси бўйича 6 та объект, 3-мис бойитиш фабрикаси бўйича 6 та объектнинг қурилиши якунланган. Янги металлургия мажмуасининг қурилиши бўйича дастлабки лойиҳа ишлари бошланган.

2024 йилда ҳам мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар жадаллаштирилади. Жумладан, 32,2 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2 136,4 миллион долларлик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилади. 1 016,6 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 15,73 триллион сўм маблағ бюджетга йўналтирилиши кўзда тутилган”, — дейди матбуот анжуманида сўз олган Абдуқаҳҳор Сайназаров.

Билдирилишича, “Рақамли ОКМК — 2030” концепцияси бўйича комбинатда ўтган йилда 34 та лойиҳа амалга оширилган.

“Ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва замонавий ахборот тизимларини жорий қилиш йўналишида мис бойитиш фабрикаси, мис эритиш заводи, хондиза кон бошқармаси, иссиқлик электр марказида бир қатор ишлар амалга оширилди. МБФда амалга оширилган ишлар натижасида рудадан мис ажратиш даражаси 85 фоизга чиқарилиши таъминланди. Шунингдек, фабрикада технологик жараёнларда иштирок этувчи асосий қурилмалари диагностика тизими (авария ҳолатларини эрта олдини олиш эвазига тўхташлар сонини камайтириш) ҳамда руда-сув жараёнини автоматлаштириш тизими синов тарзда ишга туширилди. Бу йилига 1,8 миллион метр/куб сувни тежайди”, — дейди Равшан Максумов.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!