Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш-чиқиш ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларига кириш-чиқиш ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 9 апрелдан бошлаб Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиблари янада кучайтирилиб, фуқароларнинг ушбу ҳудудларга кириши ва чиқиши чекланиши, фавқулодда ҳолатлар ҳамда юк автомобиллар қатнови бундан мустасно эканлигини маълум қилганди.

Шунингдек, фаолиятини давом эттираётган Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати ишчиларига шаҳар ичидан вақтинча яшаш учун жой топиш тавсия қилинган.

Ҳокимлик 9 апрель куни вилоят ИИББга таянган ҳолда бу хабар ҳақиқатдан йироқлигини маълум қилди. Бироқ бу хабар бироздан сўнг ўчириб ташланди.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тулягановнинг «Дарё»га маълум қилишича, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 4 апрелдаги навбатдаги йиғилишида коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида қатор қўшимча чора-тадбирлар белгиланган. Вилоятнинг барча шаҳар-туманлари ҳудудида амалга оширилаётган чора тадбирлар, Республика махсус коммиссиясининг тегишли қарорлари доирасида амалга оширилади.

«Фақат юк машиналарига рухсат берилиши, шахсий автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланиши эълон қилинганидан сўнг мазкур шаҳар ва туманлардан кўплаб фуқароларимиз бизга мурожаат билан чиқмоқда. ‘Хизматга бориш-келиш масаласи қандай бўлади, биз эртадан ишга бормаймизми, шифокорман, менга ҳам тақиқ қўйилдими?’ деган мазмунда мурожаатлар келмоқда.

Шу ўринда барча чекловлар Республика Махсус комиссиясининг қарори талаблари асосида жорий этилишини маълум қиламиз. Бунда ушбу шаҳар ва туманларда рухсатнома билан ҳаракатланаётган автотранспортлар ва корхона ташкилотлар хизматчиларига тақиқ қўйилмайди», — дейди Бобур Туляганов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 мартдан бошлаб вилоятлараро транспорт қатнови тўхтатилган, бироқ чеклов юк машиналарига нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, 30 мартдан шахсий автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!