Мьянмада норозилик намойишлари туфайли интернет деярли тўлиқ узиб қўйилди

Мьянмада норозилик намойишлари туфайли интернет деярли тўлиқ узиб қўйилди

Мьянмада февраль ойининг бошида юз берган ҳарбий тўнтаришдан сўнг оммавий норозилик ва иш ташлашлар бошлангач, мамлакатда интернет деярли бутунлай узиб қўйилди. Бу ҳақда Twitter орқали NetBlocks нотижорат ташкилоти маълум қилган, деб ёзмоқда «РБК».

Мамлакатда интернет узилиши 15 февраль куни маҳаллий вақт билан 01:00 да содир бўлди. Ташкилот маълумотларига кўра, интернетга уланиш имконияти 14 фоиз холос.

«ТАСС» ахборот агентлигининг хабар беришича, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Мьянма армиясига мурожаат қилиб, ташкилотнинг махсус вакилини мамлакатга киритишни сўради. Мурожаатнома юзасидан тегишли баёнот 14 февраль куни бош котибнинг расмий вакили Стефан Дюжаррик томонидан эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, бош котиб «Мьянмадаги вазиятдан чуқур хавотирда». У ҳарбийлар ва полицияни аҳолининг тинч йиғилиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва уларга босим ўтказмасликка чақиради. Хавфсизлик кучлари томонидан давом этаётган зўравонлик, қўрқитиш ва таҳқирлаш тўғрисидаги хабарларга жим қараб бўлмайди, дейилади баёнотда.

«Бош котиб ҳарбийларни зудлик билан БМТнинг махсус вакили Кристин Шранер Бургенерга вазиятни шахсан баҳолаши учун Мьянмага мақбул шартлар билан ташриф буюриш учун рухсат беришга чақиради», — дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, агентлик хабарига кўра, 14 февраль куни бир қатор ғарб давлатларининг Мьянмадаги элчилари сиёсатчи ва фаолларнинг ҳибсга олинишини қоралади ва мамлакатда ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийларни давлат тўнтаришига қарши намойишчиларга нисбатан зўравонликдан воз кечишга чақирди.

«Биз хавфсизлик кучларини мамлакатдаги қонуний ҳукуматнинг ағдарилишига қарши норозилик билдираётган намойишчилар ва тинч аҳолига қарши зўравонликдан тийилишга чақирамиз», — дейилади Европа Иттифоқининг Мьянмадаги делегацияси баёнотида. Баёнот Канада, Евроиттифоқнинг бир қатор мамлакатлари, Норвегия, Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ элчилари томонидан имзоланди.

Дипломатлар «сиёсий раҳбарлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда давлат хизматчиларининг ҳибсга олиниши ва журналистларнинг таъқиб қилиниши»ни қоралади.

Аввалроқ ҳокимияти тепасига келган Мьянма ҳарбийлар шахсий ҳаёт хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиб, ўзларига мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотлари ва уларни ҳибсга олиш борасидаги янги ҳуқуқларни тақдим этганди. Минтақа ОАВлари хабарига кўра, 14 февраль куни Мьянмада ўн минглаб аҳоли асосий шаҳарларда мамлакатда юз берган ҳарбий тўнтаришга норозилик билдириш мақсадида кўчаларга чиққан. Мухолифат намойишлари кетма-кет тўққиз кундан буён давом этмоқда.

манба:daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!