Муҳсин Фахризодага сунъий интеллектли пулемётдан ўт очилган?

Муҳсин Фахризодага сунъий интеллектли пулемётдан ўт очилган?

Эронлик ядрошунос олим Муҳсин Фахризода сунъий йўлдош орқали бошқарилган сунъий интеллектли пулемётдан ўлдирилган. Бу ҳақда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бош қўмондони ўринбосари Али Фадави маълум қилди. Экспертларнинг бир қисми ушбу расмий талқинга скептик нуқтаи назардан ёндашишмоқда.

Контр-адмирал Фадавининг сўзларига кўра, қуролдан 13 марта ўқ узилган. Ўқлар зирҳланган машинадаги Фахризодага теккан, аммо ёнидаги рафиқаси шикастланмаган. Пулемёт йўлдан ичкарироқда турган «Ниссан» автомобилига ўрнатилган бўлган.

«Юқори технологияли камералар ёрдамида пулемёт Фахризоданинг юзига тўғриланган, бунда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган», дея эронлик ҳарбий амалдорнинг сўзларини келтирган «Меҳр» агентлиги. Фадавининг қўшимча қилишича, ўз танаси билан Фахризодани тўсган тансоқчига тўртта ўқ теккан.

Унинг сўзларига кўра, Фахризодага қилинган ҳужумда одамлар иштирок этмаган, автоматик қурол сунъий йўлдош орқали онлайн бошқарилган. Эрондаги «Фарс» агентлиги хабарига кўра, Фахризода ўлдирилгач, пулемёт ўрнатилган автомобил ўзини ўзи портлатиб юборган.

Аввал ҳам юқори технологияли қурол қўллангани ҳақидаги версия айтилганди, аммо бу сафар бу талқин расмий шахс тилидан илк марта янграмоқда. Мустақил манбалар ҳозирча бу версияни тасдиқламади.

Фахризоданинг ўлими ҳақидаги хабарлар ортидан, Ғарб давлатлари разведка хизматлари Эрон ҳукумати олимнинг ўлдирилишида Исроилни айблаётгани тўғрисида маълумот тарқатди. Исроил ҳукумати бу ҳодисага алоқадорлигини тан олмади, шу билан бирга айбловни рад этмади.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, ядрошунос физикнинг ўлими Эрон ва олти йирик давлат - АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой, Россия ва Германия ўртасидаги 2015 йилги ядровий келишув (АҚШ санкциялари юмшатилиши эвазига Эрон ядровий дастурини чеклаш бўйича) тикланишига халал бериши мумкин. АҚШнинг ҳозирги президенти Дональд Трамп мамлакатни ушбу келишувдан олиб чиққанди, янги сайланган президент Жо Байден эса келишувни тиклаш ниятини билдирган.

Қотиллик 27 ноябрь куни эрталаб, Фахризода рафиқаси билан бирга Эрон шимолидаги Мазандарон вилоятида жойлашган Ростамкола шаҳридан чиқиб, Абсард аҳоли пунктига кетаётганида содир этилган. Олим зирҳли автомобилда бўлган, унга ўз соқчилари хизматининг учта машинаси ҳамроҳлик қилган. Машиналардан бири олдинга чиқиб, вазиятни текшириш учун узоқлашиб кетган. Шу пайт Фахризоданинг автомобилига бир нечта ўқ келиб теккан, олим эса машина нимагадир тўқнашди ёки двигател билан муаммо юзага келди, деб ўйлаб, машинадан чиққан. Шундан кейин олимнинг автомобилидан 150 метр узоқликдаги «Nissan» машинасидан масофадан туриб бошқарилган автоматик ўқотар қуролдан ўт очилган.

Муҳсин Фахризодага сунъий интеллектли пулемётдан ўт очилган?


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!