"Манчестер Юнайтед"нинг энг кўп маош олувчи футболчилари маълум қилинди

"Манчестер Юнайтед"нинг энг кўп маош олувчи футболчилари маълум қилинди

"Манчестер Юнайтед" йигирманчи аср охири ва йигирма биринчи аср бошида гуллаб-яшнаган клуб сифатида бутун дунёга маълуму машҳур бўлди. Афсуски, бу даврлар ХХI асрнинг иккинчи декадасига келиб, ортда қола бошлади. Ҳозирда эса бу жамоанинг ишлари ўнгланиб кетавермаяпти. Масалан, охирги йилларда "МЮ", клубга деярли ёрдам бермаган юлдузларни сотиб олиш ва уларга маош тўлаш учун миллионлаб доллар сарфлади. Фойда эса ҳа деганда билинмаяпти. Ҳозир ҳам шу жараёнлар давом этмоқда. Клубнинг айни дамдаги энг кўп маош оладиган олтита футболчисининг иккитаси январда жамоадан кетиши мумкин. Жамоанинг натижаларига келадиган бўлсак, ҳозир "қизил иблислар" олтинчи ўринда. Аммо мавсум стартини ёмон ҳолда бошлади. Бу эса сўнгги 61 йилдаги энг ёмони сифатида эътироф этилди.

Эрик тен Хаг охирги пайтларда кўплаб жароҳатланганлар билан ишлашга мажбур бўлмоқда. Энг яхши маошга эга футболчилар ҳам жароҳати сабабли майдонга кам кўриниш беряпти. Масалан, жорий мавсум, юқорида таъкидланган олтита футболчи жами 29 марта ўйинларни асосий таркибда бошлади. Бундай паст кўрсаткичда тен Хаг ҳам айбдор саналади. Айнан у Санчони таркибдан бутунлай чиқариб юборди. Мейсон Маунтни сотиб олиш ҳам Эрик тен Хаг ғояси асосида амалга ошди. Аммо ҳозир у жамоага ёрдам бера олмаяпти. Ваҳолангки, бу жуфтлик ҳафтасига 250 минг фунт маош олади. Яна бир шунча маошга эга футболчи бу Антони Марсьялдир. Франциялик ҳужумчи бу мавсумда 2 бор майдонга тушган холос.

Марсьяль, Санчо ва Маунтнинг маошини қўшиб, уни бир йиллик қилиб ҳисобласак, қарийб 30 миллион фунт бўлади. Аммо уларнинг жорий мавсумдаги кўрсаткичлари нолга тенг. Улар ҳали бирорта голда иштирок этгани йўқ. АПЛ доирасидаги баҳсларда бу учлик жами олти бор майдонга тушди.
"Манчестер Юнайтед"нинг икки йирик маош эгаси бўлган Варан ҳамда Каземиро қишда жамоани тарк этиши мумкин. Собиқ "Реал" юлдузлари жароҳатлар сабабли ўзини кўрсата олмаётган эди. Уларга Саудия клубларидан таклифлар бўлаётгани айтилган.
Агарда Каземиро ва Варан жуфтлиги тез орада сотиб юборилса, у ҳолда клуб уларга тўланадиган, йиллик 36 миллион фунтни тежаб қолади. Бу пулга эса ҳозирда жамоага зарур ҳисобланган янги ҳимоячи сотиб олиш мумкин. Масалан, Жан-Клер Тодибо ёки Эдмонд Тапсобани тахминан шунча пулга харид қилса бўлади.

Кўп маош оладигаб футболчилар ичида, фақатгина Маркус Рэшфордгина доимий майдонда кўриниш бериб турибди. Англиялик ҳужумчи ҳозирда ҳафтасига 325 минг фунт маош олади. Рэшфорд бу мавсумда АПЛда фақатгина 1 та гол урди холос. Айтиш мумкинки, 25 ёшли вингернинг вазиятларни кўкка совуриши, мавсумнинг кейинги даврида қимматга тушиши мумкин. Негаки, статистика "МЮ"ни АПЛ клублари ичида вазиятлардан энг кам фойдаланаётган томон сифатида тақдим этмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!