Магнус Карлсен чемпион бўлди

Магнус Карлсен чемпион бўлди

25-30 декабрь кунлари Самарқандда ўтказилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича VI жаҳон чемпионати якунланди.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур мусобақасида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан кўпроқ шахматчи. иштирок этди.

Умумий соврин жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган мазкур жаҳон чемпионати дастурига кўра, 26-28 декабрь кунлари 13 турда рапид, 29-30 декабрь кунлари эса 21 турда блиц мусобақалари бўлиб ўтди.

Рапид йўналишида амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик Магнус Карлсен 10 очко жамғарган ҳолда VI жаҳон чемпионати ғолиби бўлди. Словениялик Владимир Федосеев иккинчи, хитойлик Янгйи Йу учинчи ўринни эгаллади.

2021 йилги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов мазкур йўналишда 9 очко билан 11-ўринни эгаллади ва ҳамюртларимиз орасида энг яхши натижани қайд этди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда ФИДЕ байроғи остида иштирок этган Анастасия Боднарук биринчи ўринни қўлга киритиб, 2023 йилги жаҳон чемпионига айланди. Ҳиндистонлик Ҳумпи Канеру кумуш, хитойлик Тингжи Ле бронза медалига сазовор бўлди.

Юртимиз шахматчи қизлари орасида энг яхши натижа Афрўза Ҳамдамовага тегишли бўлди.

Бугун блиц йўналиши бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Чемпионатнинг рапид йўналишида чемпионликни нишонлаган норвегиялик Магнус Карлсен 16 очко билан блицда ҳам биринчи бўлди. ФИДЕ байроғи остида баҳсларда қатнашган Даниил Дубов ва Владислав Артемиев иккинчи ва учинчи ўринларни банд этди.

Ушбу йўналишда шахматчи хотин-қизлар баҳсларида ҳам ФИДЕ байроғи остида ўйнаб 14 очко жамғарган Валентина Гунина VI жаҳон чемпионати чемпиони деб эътироф этилди. Швецариялик Александра Костенюк иккинчи, хитойлик Зу Жиннер учинчи ўринни эгаллади.

Ҳамюртларимиздан эркаклар орасида энг яхши натижани Шамсиддин Воҳидов ҳамда Нодирбек Якуббоев 12,5 очко билан қайд этди. Қизлар орасида Умида Омонова 9,5 очко тўплади.

Чемпионат баҳслари якунлангач оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Ташкилотчилар беш кун давом этган чемпионат юқори савияда ташкил этилгани ва ўтказилганини таъкидлади.

Тантанали тақдирлаш маросимида ғолибларга чемпионт медаллари ва эсдалик совғалари топширилди.

Маросимда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) вице президенти Майир Мамедов, Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев иштирок этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!