Жорий йил 37,9 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади

Жорий йил 37,9 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади

2024 йилда қурилиш материаллари соҳасида 37,9 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Белгиланган режани 111 фоизга бажариш кўзда тутилган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 104,5 фоизга бажарилиши мўлжалланган.

Саноат корхоналари томонидан январь-май ойларида 15 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 31,9 миллион квадрат метр гипсокартон, 6,4 миллион тонна цемент, 1,2 миллион ўрам гулқоғоз, 15,7 миллион квадрат метр керамик плитка каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов бу ҳақда маълум қилди.

Унда айтиб ўтилганидек, юртимизда 39 та цемент заводи фаолият кўрсатади ва уларнинг йиллик қуввати 37,8 миллион тоннани ташкил этади. Ўтган даврда улар томонидан 6,44 миллион тонна «М-400» ва «М-500» марка портланд цемент ишлаб чиқарилди.

– Ўтган 5 ойда энг кўп керамик плитка "Sirdarya Ceramic Production" МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилди. Айни пайтда мамлакатимизда 26 та гипсокартон ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 151 миллион квадрат метрни ташкил этади. Ушбу маҳсулотга талаб эса 66 миллион квадрат метрдир. Ишлаб чиқариш ҳажмининг юқори ўсиши қурилиш ойнасида кузатилганини таъкидлаш жоиз. Президентимизнинг тегишли фармонига асосан 2024 йилнинг 1 май кунидан эътиборан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Мораторий эълон қилингандан сўнг асоси чақиқ тошлар бўлган қуйма ва темир-бетонлар ва қум-шағаллар нархида бироз ўсиш кузатилди. Хусусан, қумнинг нархи 150 минг сўмни, чақиқ тош нархи эса бугунги кунда 80 минг сўмни ташкил этмоқда. Биржада бир тонна портланд цементнинг ўртача нархи 508 минг сўм бўлиб, ўтган йилга нисбатан 20 фоизга арзонлашган. Ҳозирда 1 лист гипсокартоннинг ўртача нархи 22 минг сўмдир. Январь-май ойларида товар-хом ашё биржасида қурилиш ойнасининг қалинлиги 3,5 мм. бўлган 1 квадрат метр ўртача 27 минг сўмдан сотилган, – деди Ж.Шерметов.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!