Жиноятга жазо муқаррар

Жиноятга жазо муқаррар

Инсон ҳаётда яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади. Ҳаёт эзгулик билан гўзал. Аммо баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади.

Гиёҳвандлик воситалари савдоси оғир жиноят бўлиб, мамлакатимизда унга қўл урган шахсларга нисбатан кескин чора кўрилади. Агар бу такроран содир этилган бўлса, қасддан эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турганлиги учун ҳеч қандай сабаб жазони енгиллаштиришга ёрдам бермайди.

Одатда, баъзи инсонлар адашиб, содир этган жинояти учун муайян муддатга жазони ўтагач, уни енгиллаштиришни сўраб, мурожаат қилади. Чин дилдан пушаймон бўлган шахсни жамият кечиради. Бундан тўғри фойдаланган одам эса, ўз ҳаётини ўнглаб ҳам кетади. Аммо…

Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам айнан гиёҳвандлик воситаси, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни ўтказиш билан боғлиқ бўлди.

1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта махсус, оилали, 2 нафар фарзанди бўлишига қарамасдан, судланувчи Мурод (исм ўзгартирилган) муқаддам турли жиноий қилмиши учун 4 марта қамалиб, тегишли жазо муддатини ўтаган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади.

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, Мурод дастлабки тергов давомида аниқлаш имкони бўлмаган шахсдан олган 1,46 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини мўмай пул эвазига сотишни режалаштириб, 2023 йил 6 апрель куни соат 11:10 чамасида ўзининг бошқарувидаги “Лада Ларгус” русумли транспорт воситаси билан Беруний тумани Амир Темур кўчасига келади. Шу жойда жиноий келишувга кўра, учрашиши лозим бўлган харидор (дастлабки тергов давомида хавфсизлик мақсадида шахси сир сақланиб, “Ж” тахаллуси берилган) тадбир иштирокчисига ўзи билан олиб келган 4 дона қоғозга ўралган соф вазни 0,29 (ноль бутун юздан йигирма тўққиз) грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини 2.000.000 сўм эвазига сотаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан қочади.

У Беруний тумани Амир Темур кўчаси бўйида транспорт воситасининг бошқарувини йўқотади ва сим ёғочга урилди. Шу пайт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланади. Унинг автотранспорти кўздан кечирилганида, ҳайдовчи томонидаги ўриндиқ остидан “СПИЧКА” деб ёзилган гугурт қутиси ичидан 4 (тўрт) дона ялтироқ фальга қоғозга ва 1 (бир) дона оддий чақмоқ дафтар варағига қадоқланган соф вазни 0,99 (ноль бутун юздан тўқсон тўққиз) грамм миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан, қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Муроднинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, уйнинг ётоқхонасидаги тошойнаси устида турган оқ рангли дафтар варағи устида 4 (тўрт) дона фальга қоғозга ўралган соф вазни 0,18 (ноль бутун юздан ўн саккиз) грамм миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги маълум бўлди. Очиқ суд мажлисида ушбу шахсга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасининг 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисмининг “а, б” бандлари билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 10 (ўн) йилу 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Илгари ҳам содир этган жинояти туфайли тергов ва суд жараёнларидан ўтган, суд томонидан 2008 йилда ўта хавфли рецидивист деб топилган Муроднинг бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқишга уринишини оқлаб бўлмайди. Зора, бу шахс жиноятга жазо муқаррарлигини энди тушуниб етса.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!