Греция “Авлиё София”ни яна музейга айлантиришни сўради

Греция “Авлиё София”ни яна музейга айлантиришни сўради

Греция Туркиядан Истанбулдаги “Авлиё София” масжидини яна музейга айлантиришни сўради. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессияси пайтида маълум қилди. 

Дендиаснинг сўзларига кўра, маданий ҳуқуқни тўлиқ амалга ошириш ва маданий меросни сақлаш Греция учун ўта муҳим масала ҳисобланади. “Сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимларидан қатъи назар, барча давлатлар маданий ёдгорликларнинг мақомини ўзгартиришдан тийилиши керак”, – деди у. Вазирнинг таъкидлашича, “Авлиё София”нинг масжидга айлантирилиши маданий меросга ҳурмат тушунчасига зиддир.  

537 йилда барпо этилган “Авлиё София” 1453 йилда Истанбулнинг фатҳи билан черковдан масжидга айлантирилган эди. 1934 йилда, яъни Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк пайтида эса музей бўлди. “Авлиё София” ўтган йили қайтадан масжидга айлантирилди ва у ерда 24 июль куни 86 йилда илк бор жума намози ўқилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған танқидларга жавобан “Авлиё София”дан қандай мақсадда фойдаланиш Туркиянинг суверен ҳуқуқи эканлигини ва мазкур масалага аралашишга ҳеч қайси давлатнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!