ФВВ ёғингарчилик, туман ва қор кўчишидан огоҳлантирди

Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 2-5 феврал кунлари А-373 “Тошкент - Ўш" автойўлининг “Қамчиқ” довони ҳудудида ва М-39 “Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” автомобил йўлининг “Тахтақорача" (Китоб) довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 м гача пасайиши, шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.
Шунингдек, жорий йил 2-6 феврал кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришлари сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида. жумладан:
Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод туманларида;
Сурхондарё вилояти: Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларида;
Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманларида ва Чотқол тизмасининг “Чимён” тоғларида;
Наманган вилояти: Поп туманида;
Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.
"Тоғли ва тоғ олди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олиш масканларида дам олувчилар ва ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраймиз", - дейилади ФВВ хабарида.