ФВВ томонидан ёнувчи суюқликлар идиш (сиғим)ларда сақланадиган ёпиқ омборхоналарга қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари эълон қилинди

ФВВ томонидан ёнувчи суюқликлар идиш (сиғим)ларда сақланадиган ёпиқ омборхоналарга қўйиладиган ёнғин хавфсизлиги талаблари эълон қилинди

Бу каби бино ва иншоотлар ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан юқори хавфлилик тоифасига мансуб обектлар ҳисобланади.

Одатда уларни қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилинади.

Ёнувчи суюқликлар идиш (сиғим)ларда сақланадиган ёпиқ омборхоналарни лойиҳалаш ва қуриш жараёнида энг асосий ёнғинга қарши қаратилган талаблардан бири, бу омборхона биноси билан унга қўшни бўлган бино ёки иншоотларнинг орасидаги масофани сақлашдир. Негаки, бу каби биноларда ёнғин юз берганида, ёниш жараёни жуда катта ҳароратнинг ажралиши билан кечади ва ёнғиндаги иссиқлик оқимининг ён атрофга таъсири эвазига ёнғин қўшни ҳудудларда жойлашган иморатларга ҳам ўтиш эҳтимоли юқори бўлади.

Яна бир асосий талаблардан бири, бу омборхона биносининг қўшни биноларга қараган ташқи деворларини ўта ёнғинга чидамлилигини таъминланишидир. Одатда бу деворлар жадал суръатларда таъсир этаётган алангани 2 ярим, баъзида эса 3 соатгача ўзидан ташқарига ўтказмсликка қодир.

Шу муносабат билан, нефт маҳсулотлари сақланадиган ёпиқ омборларда ёнғинларнинг юз бериши деярли доимо инсон омили билан боғлиқ бўлади. Шунинг учун, бу каби обектлардан фойдаланиш жараёнида бир қатор амал қилиниши зарурий бўлган талаблар белгиланган, масалан.

ёнувчи маҳсулотларни омборларда сақлашда уларнинг ҳолатини назорат қилиш учун эркин кириш имкони яратилган ҳолда амалга оширилиши керак;

ўтиш жойлари ва сақлаш жойлари полда аниқ кўринадиган чегара чизиқлари билан белгиланиши керак. Стеллажлар (штабеллар, сақлаш жойлари) орасидаги ўтиш йўллари бўш бўлиши керак. Стеллажлар (штабеллар, сақлаш жойлари) орасидаги кенглиги камида 1 м бўлган йўлаклар, майдони 300 м.кв дан ортиқ бўлган омборхоналарда эса девор билан штабеллар (стеллаж) ўртасида қўшимча равишда 0,8 м йўлаклар қолдирилиши лозим;

электр чироқлардан ёнувчи суюқликлар сақланадиган идишларгача бўлган масофа 0,5 м дан кам бўлмаслиги керак;

омборхоналарда маҳсулотларни жойлаштириш режаси осиб қўйилиши, ушбу режада маҳсулотларни сақлаш жойлари, шунингдек, уларнинг физик ва кимёвий хусусиятлари акс эттирилиши лозим;

омборхоналарда меъёридан ортиқ ҳолда ёнувчи суюқликларни сақлаш тақиқланади;

ёнувчи суюқликлар билан тўлдирилган бочкаларни электрокараларда тахлаш кўзда тутилганда улар полда кўпи билан беш қаторда сақланиши лозим. Штабелнинг эъни 2 та бочка кенглигидан ошмаслиги керак. Бочкаларни ташиш учун мўлжалланган йўлакнинг кенглиги эса энг ками 1,8 м ни ташкил этиши керак;

ёнувчи суюқликлар фақат соз идишда сақланиши зарур. Полга тўкилган суюқлик дарҳол тозаланиши керак;

бинонинг ичида ёнувчи суюқликларни идишларда сақлашда модда ва материалларни биргаликда сақлаш тартибига қатъий амал қилмоқ лозим. Чунки айрим модда ва материаллар бир бири билан аралашиб, ўз-ўзидан ёниб кетишга ва портлашга олиб келиши мумкин;

ёнувчи суюқликлар идишларда сақланадиган ёпиқ омборхоналарнинг электр ёриткичларини ёқгичлари бинонинг ташқарисида ўрнатилган бўлиши лозим;

юк кўтариш карлари гаражларда ёки махсус ажратилган майдончаларда сақланиши лозим;

бу каби омборхоналарнинг майдони ҳар 10 минг м.кв да ёнғинга чидамли тўсиқ-деворлар билан ажратилиши лозим;

ёнувчи суюқликлар идишларда сақланадиган ёпиқ омборхоналардаги эшикларнинг эъни камида 2,1 м ва баландлиги 2,4 м ни ташкил этиши керак;

омборхона талаб этиладиган миқдорда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши лозим;

ёнғин юз берганда уни ўчириш учун талаб этиладиган миқдордаги сув заҳираси билан таъминланган бўлиши лозим;

майдонининг ўлчами 750 м.кв дан ошганида ёнувчи суюқликлар идишларда сақланадиган ёпиқ омборхоналар ёнғинни автоматик тарзда ўчирадиган мосламалар билан жиҳозланиши зарур.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!