Фуқаролардан уй-жой солиғини уч карра ундириш тўхтатилади

Фуқаролардан уй-жой солиғини уч карра ундириш тўхтатилади

Аҳолига қулайлик яратиш ва фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида” Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қуйилди.

Унга кўра, 2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 июнгача бўлган даврда жисмоний шахслардан, яъни ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан солиқ ставкаларининг уч баравари миқдоридаги солиқларни (Солиқ кодексининг 437-моддаси тўққизинчи қисми) ундирмаслик назарда тутилмоқда.

Қайд этиш керакки, 2020 йил 1 январдан бугунги кунга қадар фуқаролар томонидан солиқ ставкаларининг уч баравари миқдоридаги солиқларни тўлаб келаётган бўлсалар, кейинчалик тўланган солиқ суммалари Солиқ кодексига мувофиқ қайта ҳисоб-китоб қилиниши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёки мавжуд ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланиб келаётган фуқаролардан солиқ ундируви эндиликда Солиқ кодексининг 437-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган умумий тартибда амалга оширилиши назарда тутилмоқда, деб хабар беради Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!