ДХА фирмаларни номлаш бўйича расмий муносабат билдирди

ДХА фирмаларни номлаш бўйича  расмий муносабат билдирди

Сўнги кунларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда тадбиркорлик субъектларининг фирма номларида машҳур шахсларнинг номларидан фойдаланилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ваколатли орган сифатида мазкур масалага ойдинлик киритади. Агентлик ахборот хизмати маълум қилишича:

Биринчидан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига асосан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни унинг ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатади.

Иккинчидан, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали (ўзи келган ҳолда ёки онлайн усулда) давлат рўйхатидан ўтказилади. 

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига асосан Фирма номида:

✅ давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;

✅тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;

✅фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;

✅жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак.

Тўртинчидан, Давлат хизматлари агентлиги томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунга асосан фирма номларида ишлатилиши мумкин бўлмаган сўзлардан фойдаланиш бўйича чекловлар қўйилди. Ушбу рўйхат мутахассислар томонидан мунтазам равишда янгиланиб борилади.

Сўнгги кунларда муҳокамага сабаб бўлган тадбиркорлик субъектларининг фирма номлари, тадбиркорлар билан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг, белгиланган тартибда ўзгартирилди. 

❗️Ўз навбатида, тадбиркорлардан фирмаларига ном танлашда, уни ўзгартиришда юқоридаги қонун талабларига қатъий риоя этишларини сўраб қоламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!