Деҳқонободда Lacetti ва Isuzu тўқнашиши натижасида ёнғин чиқди. 4 нафар киши вафот этди

Деҳқонободда Lacetti ва Isuzu тўқнашиши натижасида ёнғин чиқди. 4 нафар киши вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Lacetti Хоразм вилоятида яшовчи ҳайдовчи бошқариб келаётган Isuzu юк машинаси билан тўқнашди. Келиб чиққан ёнғин натижасида Lacetti автомобилидаги тўрт нафар фуқаро куйиб, вафот этди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, М39 халқаро автомобиль йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 53 ёшли фуқаро Ш.К. бошқарувидаги Lacetti Термиздан Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб бораётган 23 ёшли ҳайдовчи бошқариб келаётган Isuzu юк автомобилига урилган. Оқибатда ёнғин келиб чиқиб, Lacetti’даги тўрт нафар фуқаро таниб бўлмас даражада куйиб, вафот этган.

«Туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига ёнғин ҳақида 14:25 да хабар келиб тушди. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига 14:27 да етиб бориб, ёнғин 14:29 да қуршаб олинди ва 14:45 да ўчирилди», — дейди туман Фавқулодда вазиятлар бўлими масъули Ўткирбек Йўлдошев.

Туман ИИБ ходимлари билан суҳбатлашган Isuzu ҳайдовчисининг маълумот беришича, Lacetti бошқарувидаги ҳайдовчи катта эҳтимол билан ухлаб қолган ва юк машинаси йўлига чиқиб кетиб, машина билан тўқнашган.

Воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!