Давлат бюджетини қабул қилишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади(ми?)

Давлат бюджетини қабул қилишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади(ми?)

2024 йил 17 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Давлат бюджети бошқармаси томонидан “Давлат бюджетини қабул қилиш ҳамда унинг ижросини кўриб чиқишда депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга доир амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девон ходимлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинмоқда. Бу ўз навбатида, бюджет ижроси устидан самарали парламент назоратини манзилли олиб бориш, бюджет маълумотларининг очиқлигини, шаффофлигини таъминлаш, бюджет маблағларининг шаклланиши, сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Айниқса, янги таҳрирдаги Конституция билан Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилиши ҳам қуйи палатанинг таъсирчан парламент назоратини янада кучайтирган тарзда ташкил этиш имконини беряпти.

Хусусан, жорий йилнинг Давлат бюджети лойиҳасини қуйи палата депутатлари янгича ёндашувлар асосида кўриб чиқдилар. Авваллари халқ вакиллари кўпроқ бюджет харажатларига эътибор қаратган бўлса, бу галги муҳокамаларда давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва уларни кўпайтириш масалаларига ҳам устувор аҳамият қаратишди.

Давра суҳбатида депутатлар таъкидлаганларидек, Давлат бюджетини қабул қилиш, унинг ижросини кўриб чиқишда бюджет даромадларини кўпайтириш, харажатларини мақбуллаштириш, мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бюджет интизомини кучайтириш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари бош мезон бўлиши зарур.

Муҳокамалар давомида аҳолининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиб, уларга маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ тадбирларга йўналтирилган бюджет маблағларининг мақсадлилиги ва асослантирилганлигини мунтазам сайлов округларда ўрганилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Бу борада Қонунчилик палатасининг 2024 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишларида Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш мақсадида қуйи палата қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг бажарилиш ҳолати юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиб боришлари белгилаб олинган.

Бундан ташқари, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасида Солиқ, Божхона қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини ҳар чоракда эшитиб борилиши таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбатида Қонунчилик палатаси томонидан Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат бюджети лойиҳасини муҳокамадан ўтказиш ва бу борада парламент назоратини амалга оширишда депутатлар ва Давлат бюджети бошқармасининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда таъсирчан парламент назоратини олиб боришларига келишиб олинди.

Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!