Божхона қўмитаси “Толибон” қайтариб юборган сифатсиз бензин Ўзбекистонга тегишли эканини рад этди

Божхона қўмитаси “Толибон” қайтариб юборган сифатсиз бензин Ўзбекистонга тегишли эканини рад этди

“Толибон” 120 минг литрга яқин нефтни сифати паст бўлгани учун Ўзбекистонга қайтаргани тўғрисида хабар берилганди. Божхона қўмитаси қайтариб юборилган бензин Ўзбекистонга тегишли эканини рад этди.

Маълум қилинишича, 2024 йил 20 январь куни Россиядан (юк жўнатувчи АО “Орскнефтеоргсинтез”) Афғонистонга (юк қабул қилувчи Башир Навид Petroleum LTD) юборилган иккита темир йўл цистернасида 120 тонна “автомобилний бензин неетилированний” маҳсулотлари Қозоғистондан “Сариёғоч”—“Чуқурсой” станциялари орқали Ўзбекистонга кириб келган.

Ушбу цистерналар 7 февраль куни Сурхондарё вилояти “Айритом” станцияси орқали Афғонистонга чиқиб кетган. Афғонистон томонидан қайтарилган мазкур нефть маҳсулотлари 6 апрель куни “Айритом” станцияси орқали Ўзбекистонга кириб келган.

“Афғонистонлик ҳамкорларни икки томонлама дўстона муносабатларни инобатга олган ҳолда, текширилмаган ва асоссиз хабарларни шошма-шошарлик билан тарқатмасликка чақирамиз”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, қўмита мамлакатда фаолият юритаётган муайян оммавий ахборот воситаларидан “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси”га амал қилишлари ҳамда текширилмаган, бир ёқлама, тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликни сўраган.

Январь ойида “Толибон” Ҳайратон портидан 62 тоннадан ортиқ сифатсиз нефтни Ўзбекистонга қайтаргани хабар қилинганди. Бунга жавобан “Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодир Сиддиқов мазкур хабар нотўғри талқин қилинганини, “Толибон” сифатсиз деб қайтарган маҳсулот аслида юқори сифатли эканини айтган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!