Бадиий кенгашдан ўтмаган видеоклипларни кўрмадингизми?

Бадиий кенгашдан ўтмаган видеоклипларни кўрмадингизми?

Мақолада журналист Хуршид Серобов “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бадиий кенгаши рад этган 6 та видеоклип нима учун қайтарилганининг сабабларини аниқлашга уринади. Муаллиф мақолада қўшиқларнинг рад этилишига муносабат билдирган.

“Ўзбекконцерт” давлат муассаси бадиий кенгаши кейинги вақтда анча фаоллашиб қолди. 5 декабрь куни бадиий кенгаш масъуллари халқ маънавиятини астойдил ҳимоя қилишлари кераклиги ёдга тушиб, интернетда тарқалиб, ТВда айланиб бўлган қўшиқларни обдон “савалашибди”. Лекин бу клипларни “интернетга танда қўйган" фанатлардан тортиб Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи Турсунбойгача интернетдан кўчириб олишга улгурди. Лекин бу айб эмас, сал кечикса-да, камчилиги бор қўшиқлар эгаларига қайтарилди, ТВда айлантирмаслик, интернетда тарқатмаслик шарти қўйилди (гарчи энди фойдаси йўқ бўлса ҳам) ва бадиий кенгаш жиддий ишлаётгани исботланди.

Кенгаш қарорига мувофиқ 6 та қўшиққа ишланган видеоклип рад этилган. Булар: Жаҳонгир Позилжонов ва Дилафрўз Ҳайитметова ижро этган “Меҳмоним” дуэти, Севара Юсупованинг (Севара тахаллуси билан эфирга чиқаётган) “Узун йўл”, Маҳлиё Омоннинг “Фарғонадан”, Жаҳонгир Отажановнинг “Қадди баланд”, Достон Убайдуллаевнинг “6-хонадон”, Алишер Зокировнинг “Майли, майли” қўшиқларига олинган видеоклиплардир. “Ўзбекконцерт” тақдим этган хабарда ушбу қўшиқларда баъзи жузъий камчиликлар кўзга ташлангани қайд этилган.

6 та қўшиқнинг 4 тасини интернетдан юклаб олиб томоша қилдим. Жаҳонгир Позилжонов ва Дилафрўз Ҳайитметова ижро этган “Меҳмоним” дуэтидан парча кўрдим, Севара Юсупованинг “Узун йўл” қўшиғини эса интернетдан топа олмадим, “Ўзбекконцерт”нинг хабарида эса шу хонанда Севара тахаллуси билан эфирга чиқаётгани айтилган. Демак, бадиий кенгашдан ўтмаган қўшиқ аллақачон ТВни забт этиб улгурган.

Жаҳонгир Отажоновнинг “Қадди баланд” қўшиғи Отажонов услубидаги янгича қўшиқ, клипда гарчи янгилик кўзга ташланмаса ҳам, ҳаракатлар ва айтиш усули – санъаткорнинг ўша эски услуби. Қўшиқ матни тушунарсиз: “Қадди сарви узра зулфи камон-де, Чув солди чув, шов-шув бўлди жонга банд-е”. Видеоклипда Отажоновнинг жузъий камчиликлари, масалан, меъёрдан кўп қўл ҳаракати ёки умумий ҳаракатларидаги ғайриоддийлик бўлиши мумкин. Лекин бу Отажоновнинг услуби.Клипда асосан хонанданинг ўзи кўрсатилган, бир кадрда денгизда қўшиқ айтиб турган бўлади, бир кадрда машинада, яна бир кадрда эса йўлнинг ўртасида қўшиқ айтиб турган бўлади. Орада дискотекада ёшларнинг рақс тушаётгани кўрсатилади. Ортиқча қўпол саҳналар йўқ.

Клипни қайта-қайта кўравериб амин бўлганим: мабодо Отажонов чизиқни босиб, йўл қоидасини бузгани учун клипи тақиқланмадимикан?Ушбу ҳолат бадиий кенгаш томонидан “хонанда халққа ўрнак бўлиш ўрнига йўл ҳаракати қоидаларини бузаяпти” деган тасаввур уйғотган бўлса, ажаб эмас.Алишер Зокировнинг “Майли” номли қўшиғига ишланган видеоклипда ҳам “маънавиятимиз учун зид хатти-ҳаракатлар учрамайди. Ҳар доимгидек, йигит билан қиз ва айрилиш саҳнаси. Бу клип қўшиқ матни саёзлиги учун қайтган бўлса керак" деган холис гумондаман. “Жарга қулатма, жоним, севги бегуноҳ, Ой юзингдан жудо қилма, сўзим бегуноҳ, Висолингдан маҳрум қилма, кўзим бегуноҳ, Сўнгги бора учрашиб, майли, видолашайлик”, – дейди хонанда.Маҳлиё Омон исмли қўшиқчининг “Фарғонадан” қўшиғига ишланган клипда “менталитет ва маънавиятга ҳужумлар” сезилиб қолган: қиз ўзини қўғирчоқ деб ўйлаб нима деяётганини унутган, Фарғонага кетган ёрини жуда соғинганини айтган, ҳаракатлари сал беўхшов.

Қўшиқ матни ниҳоятда саёз ва бемаъни: “Юраги тош, тош, тош, Ишламаса бу бош, бош, Уйга кеч келади, Кўйлагидан топаман узун соч, соч, Сариқ соч ким, ким, кимники?”. Нақароти эса бундан ҳам “бамаъни” ва ўзбек қизининг ахлоқ-одоб нормаларини четлаб ўтган: “Фарғонадан келмайди, нима қилай, соғинаман, Кетганига ўн кун бўлди, қайтмайдими энди, соғинаман”. Ўзбек қизини қолипга солиш фикридан йироқ ҳолда айта оламанки, қиз бола ўз туйғуларини ҳар доим ҳам омма олдида очиқлайвермайди. Хуллас, қўшиқ ҳам, клип ҳам ҳар томонлама саёз.Достон Убайдуллаевнинг “6-хонадон” номли қўшиғига ишланган клип нима учун рад этилганини тушуниш қийин. Қўшиқ матни саёзлиги учун қайтарилган бўлиши мумкин.Жаҳонгир Позилжонов ва Дилафрўз Ҳайитметованинг “Меҳмоним” номли қўшиғига ишланган видеоклипни интернетдан топа олмадим. Клипдан бир дақиқалик лавҳанигина томоша қилдим. Лавҳадан аён: “Божалар” ҳар доимгидек ақлни шоширадиган, ўзбек тилида учрамаган товушлару сўзларни нақарот қилиб, “Лазги”ни “лезгинка” қилиб юборибди.Бадиий кенгаш нима учун керак? Миллий эстрадани “оммавий маданият” таъсиридан сақлаш, мазмунан саёз, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи қўшиқ ва клиплар яратилишининг олдини олиш учун бадиий кенгаш керак.

Хонандалар одатда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида қўшиқларини “айлантиришади”.

Бадиий кенгашнинг бу галги иши бироз кулгили бўлди, ҳамма жойда тарқалиб бўлган қўшиқлар рад қилинди. Бадиий кенгаш фаолиятида барибир ўзгариш қилиниши керак. Қўшиқларни баҳолашнинг энг холис ва аниқ форматини топиши керак.

Эслатма: “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Ирода Дилрознинг “Ўғлим”, Шароф Муқимовнинг “Қора кўзлар”, хонандалар Зилола Мусаеванинг (Шаҳзода) “Мен ўша”, Отабек Муҳаммадзоҳиднинг “Она”, Қиличбек Мадалиевнинг “Севги”, Жасур Мавлоновнинг “Нетай” қўшиқларига ишланган видеоклиплари муҳокама қилиниб, эфирга узатишга тавсия берилган. “Мароқанд” гуруҳининг “Торимнинг сири”, Элвин Мирзозода Шаҳризода Аҳмедова билан ижро этган “Ҳасрат” қўшиқларига олинган видеоклипларга истисно тариқасида рухсат берилган.

Manba: zamin.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!