АҚШ Давлат котиби: Украинани кейинги сафарбарлик бўйича қийин қарорлар кутиб турибди, аммо улар зарур
Энтони Блинкен BBC'нинг NATO Украина позициясини Россия билан эҳтимолий музокаралар олдидан мустаҳкамлаш учун қандай аниқ чораларни таклиф қилаётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Брюсселдаги учрашувда алянсга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учта масалани муҳокама қилишганини маълум қилди.
▪️Биринчи масала — Украина иқтисодиёти ва мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун зарур маблағ ва ресурслар билан таъминлаш.
"Биз Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиб, Украинага 50 миллиард доллар ёрдам ажратдик. Бу маблағлар яқин ҳафталарда ҳам АҚШ, ҳам Европадан юборилади", — деди Блинкен.
▪️Иккинчи масала — Украинани қурол билан таъминлаш. Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Андрей Сибига Киевга энергетика инфратузилмасини Россия ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун 20 та NASAMS ёки IRIS-Т ҳаво мудофаа тизимлари зарурлигини айтди.
"Биз Украинанинг эҳтиёжларини муҳокама қилдик ва ҳар бир давлат уларни қондиришга қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини белгилаб олдик", — дея аниқлик киритди АҚШ Давлат котиби.
▪️Учинчи масала — сафарбарлик.
"Бу жудаям муҳим, чунки пул ва ўқ-дорилар бўлса ҳам, олдинги сафда Россия агрессиясига қарши тура оладиган одамлар бўлиши керак. Украина кейинги сафарбарлик борасида қийин қарорлар қабул қилиши керак, аммо бу зарур қадамлар ҳисобланади. Биз сафарбар қилинган ҳар бир аскар ўз ватанини самарали ҳимоя қилиши учун зарур тайёргарлик ва қурол-яроғ билан таъминлашга интиламиз", — деди Блинкен.