Эрон Асадни қутқаришга шошилмаяпти
Эрон ташқи ишлар вазири Сейид Аббос Ароқчининг айтишича, Дамашқ расмий илтимос билан Теҳрон Сурияга қўшин юбориш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
«Агар Сурия ҳукумати Эрондан Сурияга қўшин жўнатишини сўраса, биз бу талабни ўрганамиз», - дея таъкидлаган Арақчи, ҳозиргача режим кучларидан Теҳронга бундай сўров бўлмаганига аниқлик киритди.
Ароқчи, шунингдек, Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун Россияга ташриф буюриш режаларини тасдиқлади. Унга кўра, мамлакатдаги можаро қўшни давлатлар, жумладан Ироқ ва Иорданияни беқарорлаштириши мумкин.
Сурия мухолиф кучлари 27 ноябрь куни Асад режими кучларидан ҳудудларни озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирди. Улар мамлакат шимоли-ғарбидан, Идлиб ҳудудидан ҳужум бошлади. Операцияда Ҳаят Таҳрир аш-Шам (ҲТС) ва Сурия Миллий Армияси (СНА) каби гуруҳлар муҳим роль ўйнайди.
Бир неча кун ичида мухолифат кучлари Алеппо вилоятидаги муҳим шаҳар ва қишлоқларни эгаллашга, шунингдек, Идлиб вилояти устидан тўлиқ назорат ўрнатишга муваффақ бўлди. 1 декабрь куни улар шимолий Хама вилоятининг қишлоқ жойларида «сезиларли тараққиёт» борлигини эълон қилишди.
Reuters хабарига кўра, 2 декабрь куни Ироқдан «Халқ сафарбарлик кучлари» (Ҳашд ал-Шааби) номи билан машҳур бўлган эронпараст қўшинлар Асад режимига ёрдам бериш учун етиб келган. Бу қўшимча кучлар орасида ироқлик жангчилар ҳам, Сурия можароси бошланганидан бери қатнашиб келган афғон ёлланма аскарлари ҳам бор.
Москва ҳам Асад режимига ҳарбий ёрдам беришда давом этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги мухолифат кучлари позициялари ва уларнинг таъминот линияларига ҳаводан зарбалар берди, натижада 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Суриядаги вазият ниҳоятда кескинлигича қолмоқда: мухолифат кучлари ҳужумларини давом эттирмоқда ва араб мамлакатининг тўртинчи йирик шаҳри Хамага яқинлашиб улгурди.