Россияда мигрантлар ишлаши мумкин бўлган тармоқлар сони қисқармоқда
Россиянинг Тверь вилоятида меҳнат мигрантларига 82 та соҳада ишлаш тақиқланмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди. Тақиқланган тармоқлар рўйхати икки баравар кўпайган.
Қарорга кўра, 52 турдаги касблар учун тўлиқ тақиқ жорий этилган бўлса, яна 30 соҳада чекловлар амал қилади. Бу қоидалар 2025 йилдан кучга киради.
«Биз бу ишни тизимли равишда олиб боряпмиз. Бизнеснинг фикрини максимал даражада инобатга олишга ҳаракат қилдик. Бироқ давлатнинг стратегик хавфсизлиги устуворликда қолади», — деди Тверь вилояти раҳбари Игорь Руденя.
Мигрантларга коммунал корхоналарда ишлаш тақиқланади. Бу соҳага электр энергияси, газ ва иссиқлик тақсимоти, сувни тозалаш ва тарқатиш, ҳамда оқова сувларни йиғиш ва қайта ишлаш хизматлари киради. Шунингдек, мигрантлар компьютер ишлаб чиқариш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш билан боғлиқ корхоналарда ишлай олмайдилар.
Тўлиқ тақиқ қўйилган соҳалар қуйидагилар: нашриёт иши, телевидение, радиоэшиттириш, кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар, хавфсизлик хизмати, сув транспорти, аренда ва лизинг, ветеринария, туризм агентликлари.
Шунингдек, айрим касбларга чеклов киритилди: чорвачилик, балиқчилик, гўшт ва балиқ қайта ишлаш, сут маҳсулотлари, нон ва ёғ-мой ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва озуқа маҳсулотлари, қоғоз, нефть маҳсулотлари, кимёвий моддалар, дорилар ишлаб чиқариш. Электр ускуналар, транспорт воситалари, мебель ишлаб чиқариш, ҳамда машина ва ускуналарни таъмирлаш соҳаларида ҳам чекловлар жорий қилинди.