Афсус! Бу Ўзбекистон учун жуда уятли ҳолат

Афсус! Бу Ўзбекистон учун жуда уятли ҳолат

Жаҳоннинг ва Осиёнинг етакчи университетлари жойлашган Жанубий Кореяга илм излаб бутун дунёдан ёшлар ташриф буюрадилар. Халқаро стандартдаги шароит ва нуфузли университетларда етишиб чиққан профессорлар қўлида муайян йўналишда яхши мутахассис бўлиш мумкин.

2018 йилда Жанубий Кореядаги хорижий талабалар сони рекорд даражада кўпайган. Мисол учун, Корея таълим вазирлиги қошидаги Халқаро таълим миллий институтининг маълум қилишича, университетларда ўқиш истагини билдириб рўйхатдан ўтганлар миқдори 2018 йилда 123,850 нафарга ошган, яъни бир йил аввалгидан 18.8 фоизга кўп.

Бу талабалардан 70,232 нафарининг ташрифидан мақсад турли илмий даража олиш бўлса, 51,856 нафари Жанубий Кореянинг даража бермайдиган курс ва малака ошириш марказларида ўқишни режа қилишади.

Мамлакатлар кесимида оладиган бўлсак, Корея Республикасидаги халқаро талабаларнинг миқдорига кўра, Хитой етакчилик қилади. Бу ерда жами 68,184 нафар хитойлик билим олади. Хитойлик талабаларнинг етакчилигини турли сабаблар билан изоҳлаш мумкин. Мисол учун, Хитойнинг Манчурия ҳудудидаги асли келиб чиқиши кореялик ёшларнинг келиб таълим олиши, Хитой ёшлари учун Хитой тилидаги дарсларнинг ташкил қилиниши, Корея университетларининг Хитойдаги нуфузи ва бошқалар.

Ёшлар миқдорига кўра кейинги ўринда 14,614 нафар ёшлари билан Вьетнам турибди. Айни пайтда Корея Республикаси Вьетнам билан алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Сабаби, Вьетнамнинг Осиё мамлакатлари орасида жадал ривожланиб бораётгани. Хусусан, вьетнамлик ёшларнинг кўплигидан ҳам Кореянинг бу йўналишдаги хайрихоҳ сиёсатини англаш қийин эмас.

Кейинги ўринда – Монголия. Ҳозирча уларнинг Жанубий Кореядаги сони 5,384 нафарни ташкил қилади. Кейинги ўринларда Япония (3,828), АҚШ (2,767) турибди.

Ўзбекистон ёшлари сони бўйича Кореяда еттинчи ўринда. Айни пайтда 2,700 дан зиёд юртдошларимиз бу ерда таҳсил олишмоқда. Уларнинг аксари "Корейс тилини ўрганиш" дастури асосида келади. Кейинда эса Тайван, Франция, Индонезия, Малайзия ёшларини кўриш мумкин.

Таълим – Ўзбекистон ва Корея республикаларини боғлаб турган муҳим ришталардан бири. Аммо ...

Кореяга келаётган кўплаб ўзбекларга бу ергача етиб келиш осон эмас ва арзонга тушмайди. Уларнинг кўпи қарз кўтариб, турли йўллар билан келади. Тил ўрганиш курсларига келиш учун ўртача 3 минг АҚШ долларигача сарф қилинади. Бу ерда ўқиш ва яшаш ҳам қиммат. Шу сабабли, меҳнат қилиш пайида бўлади.

Жанубий Кореяга ташриф буюрган ўзбек ёшларининг деярли барчаси дарсдан бўш вақтларида меҳнат қиладилар. Қонунчиликка кўра тил курсларидаги ёшларга ҳафтасига 20 соатдан кўп бўлмаган меҳнат фаолияти билан банд бўлиш ҳуқуқи берилади. Таътил даврида эса Адлия вазирлиги назоратида улар тўлиқ ишлаш ҳуқуқига эгалар. D-2 ва D-4 таълим визалари билан ишлаш учун деярли чеклов йўқ, фақат университетда тақиқ бўлмаса бўлди.

Кузатувларимга кўра, юртимиз ёшларининг Жанубий Кореяга интилишларининг бош сабаби таълим эмас, балки иқтисодий даромад топишдир. Корея ҳукумати тақдим этган маълумотлар эса бу хавотиримни тасдиқлади.

Жанубий Кореядаги ўзбек профессори Азамат Акбаровнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилишича, ўқишни ташлаб кетишда ўзбек ёшлари Кореяда учинчи ўринда. Бу масалада Вьетнам ва Монголиядан кейинда турибмиз. Ёшларимиз сони мазкур мамлакат ёшлари сонидан бир неча маротаба камлигини ҳисобга олсак, вазият янада аянчли тус олади. Демак, аҳвол жуда ачинарли.

Сеулда ташкил қилинган тадбирлардан бирида шундай ёшлардан бир гуруҳи билан суҳбатлашган эдим. 20-25 ёшлардаги бу йигитларнинг сўзларига кўра, имкон борида – ёшлик чоғида пул ишлаб олган яхши экан. Кейин бирор бизнес қилиш мумкин. Илм-чи? Кимнингдир ўрнини банд қилиб келиб, бу ерда таълимни рад этиш фақат унинг ўзи учун эмас, Ўзбекистон учун ҳам уятли ҳолат.

Ёшликда пул ишлаш учун илм олиш имконидан воз кечиш – аслида келажакда бизнес билан шуғулланиш учун катта тўсиқ эмасми?

Ёшларнинг фикрларига кўра, бугун кўп нарсани пул ҳал қиляпти, билим эса кейинги ўринга тушиб қолган. Мисол учун, яхши университетларни битириб бораётганлар ҳам яхши ишга киришга қийналишяпти, ҳали-ҳануз ҳукумат хориждан қайтаётган ёшларни муносиб иш жойи билан таъминлашда самарали амалиётни қўллай олаётгани йўқ. Пулинг бўлса, бирор иш қилиш учун ҳеч бўлмаса имконинг бўлади.

Кореядаги "SKY" ("осмон") университетлардан ҳисобланган Ёнсейдаги ўзбеклар сони саноқли. Маълум бўлишича, бу ердаги ўқитувчилар ўзбек ёшларида ўқишни чала ташлаб кетиш эҳтимоли юқори деб билади ва қабул жараёнида кўплаб ёшларимизни рад қилишади. Айни пайтда бошқа университетлар ҳам шундай фикрга келишмоқда. Натижада, ўзбек ёшларининг Кореяга келиб таҳсил олиш имкониятлари пасайиб боради.

Меҳнатнинг айби йўқ. Мен билганлар орасида банкда, етакчи компанияларда меҳнат қилаётган ўзбеклар бор. Кореяликларнинг қанчалар меҳнаткаш ва ишига садоқатли эканини ўзбеклар ўзаро кўп муҳокама қилишади. Бу – ибрат олса арзийдиган жиҳатлар.

Кореяда хорижий ёшлар асосан оғир жисмоний меҳнат билан банд бўлишади. Бир неча соатлик машаққатли меҳнат тинкани қуритади, яъни ўқишга ҳафсала ҳам, қувват ҳам қолмайди. Аммо ишни деб таълим воз кечиш – эртадан воз кечиш дегани.

Жанубий Корея таълим тизими жаҳонда эътироф этилган. Бугун Ўзбекистон билан иккитомонлама ҳамкорлик ривожланмоқда. Кўплаб кореяликлар Ўзбекистонга қизиқиш билдиришмоқда. Яъни, келажакда муносиб мутахассисларга эҳтиёж туғилади. Шундай экан, Жанубий Кореядаги ўзбек ёшларининг бугун сидқидилдан билим олишга диффат қилишлари мақсадга мувофиқдир. Мутасадди ташкилотлардан мазкур муаммога нисбатан самарали ечимлар кутиб қоламиз.

 

Шуҳрат Сатторов, Ёнсей университети тадқиқотчиси, Human.uz нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!