Абдулла Қурбонов “Миллион”ни таҳқирлагани учун охирги бор огоҳлантирилди

Абдулла Қурбонов “Миллион”ни таҳқирлагани учун охирги бор огоҳлантирилди

Аввалроқ, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида  “Миллий эстрада санъатининг ёшлар маънавий, ахлоқий тарбиясидаги ўрни ва санъаткор одоби” мавзуида маънавият соати ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда сўз олган ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров хонанда Абдулла Қурбоновнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган интервьюсини, аниқроқ айтадиган бўлсак, “Миллион” жамоаси ҳақидаги мулоҳазаларини қаттиқ танқид қилди. У хонандани сўнгги бор огоҳлантираётганини урғулади.
“Абдулла ака, мен сизни охирги бор огоҳлантиряпман. Ўзингиз “Миллион”нинг концерт дастурида 3-4 кунлаб қуллуқ қилиб турдингиз, фотиҳа бердингиз. Бу тасвирлар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди. Орадан вақт ўтгандан кейин “миллион башара” деб интервью беришнинг нима кераги бор?
“Миллион” менга ҳеч ким эмас! Гап шундаки, сиз санъаткорсиз, маданият ходимисиз, шу боис “миллион башара” деб гапиришингиз мутлақо нотўғри. Бу нафақат Абдулла акага, бошқаларга ҳам тегишли. Интервьюда гапларингизга жиддий эътибор беринглар”.
Ушбу масала кўтарилган чоғда хонанда Абдулла Қурбонов ҳам залда эди. Бироқ Абдуқаҳҳоровга нисбатан ғиқ этгани йўқ. На ўзини оқлади, на “Миллион”ни қоралади.
Масаланинг бошланғич нуқтасига қайтсак. “Миллион” жамоаси жорий йил тақдим этган концерт дастурида Абдулла Қурбонов билан боғлиқ саҳна кўриниши бор эди.   Орадан кўп ўтмай, Абдулла Қурбонов “Миллион”га нисбатан таҳқирли интервью берди. Жамоа аъзоларини “миллион башаралар” деди, уларни Худога солганини айтди. Ҳолбуки, ўша концертда Абдулла Қурбоновнинг ўзи ҳам томошабинлар қаторида бўлган. Абдуқаҳҳоров айтганидек, жамоадагиларга бу саҳна кўриниши юзасидан эътироз билдирмаган.
Маънавият соатида гап яна ижтимоий тармоқларга жойлаштирилаётган суратларга бориб тақалди. Одилжон Абдуқаҳҳоров санъаткорлардан саҳарлик ва ифторлик вақтидаги тўкин дастурхонни суратга олиб, ресторанлардаги таомлар расмларини ҳадеб тармоққа жойлаштириб, халқнинг нафсониятига тегмасликни, аксинча, ёшларга ўрнак бўладиган, уларни илм олишга, касб-ҳунар эгаллашга ундайдиган тарбиявий аҳамиятга эга видео ва суратлар жойлаштиришларини сўради.

Manba: qalampir


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!