Тошкент халқаро кофе ва чой фестивали ўтказилади

Тошкент халқаро кофе ва чой фестивали ўтказилади

Жорий йилнинг 10-12 май кунлари “Tashkent City” боғининг очиқ майдонида илк бор Тошкент халқаро кофе ва чой фестивали бўлиб ўтади.

Ўзбекистон “МАКОН” фестиваллари ассоциацияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этиладиган ушбу фестивалда 60 дан ортиқ компания ўз имкониятини намойиш этади.

Фестивалдан кўзланган мақсад иштирокчилар ўртасида ўзаро мулоқотни ташкил қилиш, қаҳва ва чой маданиятининг нафислиги ва ранг-баранглигига алоҳида эътибор қаратиш, дунёнинг турли халқлари анъанавий чой ичиш маросимлари билан танишиш, шунингдек, ўзбекнинг ўзига хос чой ичиш анъаналарини тарғиб қилишга қаратилган.

Фестиваль доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилади. Хусусан, Pro.Run югуриш мактаби ва Ўзбекистон ошпазлар ассоциацияси кўмагида ташкил этиладиган тадбирлар шулар жумласидандир. Бу йилги асосий янгилик республика аҳолиси ва фестиваль меҳмонларининг экологик муаммолардан хабардорлигини оширишга қаратилган алоҳида экологик блок бўлади.

Унда экология бўйича маҳорат дарслари, атроф-муҳит ва экологик муаммоларга бағишланган флеш-моблар ва граффитиларни ўз ичига олган экологик ташаббусларга эътибор қаратилади.

Фестивалда саноатнинг экологик жиҳати, жумладан, қаҳва ва чой секторидаги муаммолар ва ечимлар бўйича панель муҳокамалари, шунингдек, экологик тоза қадоқлаш ва барқарор истеъмол бўйича семинарлар ўтказилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!