WSJ: Европа NATO'нинг АҚШсиз келажаги масаласини муҳокама қилмоқда
"Гап Европадаги ядровий тийиб туриш тизими ва NATO ҳарбий тузилмаларини бошқариш масалалари ҳақида кетмоқда. Бундай эҳтимолий сценарийларни таҳлил қилиш ўтган йили бошланган, аммо Берлиннинг позицияси ўзгаргач, жараён кескин тезлашган", дея ёзади нашр.
Германия узоқ йиллар давомида Франциянинг Европанинг мудофаа суверенитетини кучайтириш ҳақидаги чақириқларига эҳтиёткорона ёндашиб келган. Таҳлилчиларга кўра, Европа давлатлари охирги ойларда Вашингтонга қарамликни камайтириш йўлларини фаолроқ муҳокама қила бошлаган, аммо Германиянинг янги ёндашуви бу жараёнга алоҳида туртки берган.
Германия канцлери Фридрих Мерц 2025 йил охирида ўз қарашларини қайта кўриб чиққан. Бу қарорга Доналд Трампнинг алянсга муносабати, Украина бўйича позицияси ва Қўшма Штатларнинг узоқ муддатли ишончли иттифоқчи бўлиб қолишига доир шубҳалар сабаб бўлган. Нашрга кўра, Мерсни айниқса Трампнинг Россия–Украина уруши бўйича баёнотлари ва NATO доирасида аниқ қадриятларга таянмайдиган сиёсий ёндашуви ташвишга солган.
Режа устида ишлаётган амалдорлар баъзан бу ғояни шартли равишда “Европача NATO” деб атамоқда. Бу ёндашув янги муқобил алянс тузишни эмас, балки алянснинг амалдаги тузилмаларини сақлаб қолган ҳолда, оператив бошқарувда европаликлар улушини оширишни назарда тутади. Ҳозиргача NATO ҳарбий тузилмаларида асосий раҳбарлик роли кўп жиҳатдан америкаликлар қўлида бўлган.
Норасмий учрашувларда ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимларини ким бошқариши, Полша ва Болтиқбўйи давлатларига қўшимча кучларни етказиш коридорлари, таъминот йўналишлари ва йирик ҳарбий машқлар каби аниқ масалалар муҳокама қилинмоқда. Яна бир ўта нозик масала — АҚШнинг ядровий “қалқони” ўрнини Европа механизми билан тўлдириш эҳтимоли. WSJ'а кўра, Мерц бу мавзуни Франция президенти Эммануэл Макрон билан муҳокама қилишни бошлаган.
"Германия позициясининг ўзгариши кенгроқ консенсус юзага келишида муҳим омил бўлган. Буюк Британия, Франция, Полша, Шимолий Европа давлатлари ва Канада NATO'ни “европалаштириш” ғоясини алянс ичидаги бир турдаги “кўнгиллилар коалисияси” сифатида кўра бошлаган. Бу ёндашувнинг мақсади АҚШ иштирокини қисқартирган тақдирда ҳам NATO'нинг ишлаш қобилиятини сақлаб қолиш", дейилади мақолада.
