“Реал” юлдузларни жиловлайдиган мураббий топди
“Реал” раҳбарияти жамоага бош мураббий сифатида Дидье Дешамни таклиф қилишга тайёргарлик кўраётгани хабар қилинган эди.
Футбол экспертлари франциялик мутахассиснинг устун томонларига эътибор қаратиб, “Реал”га унга қизиқиш билдираётганининг бир неча сабабларини келтирди.
Биринчидан, у юлдуз футболчилардан иборат жамоани бошқаришда катта тажрибага эга ва “Монако”, “Ювентус”, “Марсель” ҳамда Франция терма жамоасида кучли лидер сифатида ўзини кўрсатган.
Иккинчидан, у 2018 йилги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган ва 2022 йилда францияликлар яна финалга олиб чиққан.
Бундан ташқари, у “Реал”нинг қатор етакчи футболчилари, жумладан Килиан Мбаппе ва Орельен Тчуамени билан яхши муносабатларга эга ҳамда испан тилини билиши унинг устунликларидан бири ҳисобланади.
Қайд этилишича, “Реал”нинг “Бавария”га қарши Чемпионлар лигасидаги қарама-қаршиликда мағлуб бўлиши мураббий алмашув жараёнини тезлаштириши мумкин.
Дешамнинг ўзи ҳозирча келажаги ҳақида изоҳ бермаяпти, аммо манбага кўра, у фаолиятини давом эттиришнинг турли вариантларини кўриб чиқмоқда ва Европадан ҳам, Саудия Арабистонидан ҳам таклифларга эга.
