Вашингтонда “Баҳорги йиғилишлар” доирасида халқаро ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказилди

Вашингтонда “Баҳорги йиғилишлар” доирасида халқаро ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказилди

Жорий йилнинг 16–19-апрел кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги делегация АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки гуруҳи томонидан ҳар йили ташкил этиладиган “Баҳорги йиғилишлар” доирасида бир қатор халқаро ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказди.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича висе-президенти Антонелла Бассани билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.

Йиғилиш аввалида Жаҳон банки висе-президенти Ўзбекистон ҳукуматининг жорий йилнинг 1 майидан ёқилғи-энергетика соҳасида тарифларни либераллаштириш тўғрисидаги қарорини юқори баҳолади ва амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Мазкур ислоҳотнинг аҳамияти таъкидланиб, Жаҳон банки тарифларни либераллаштиришга кенг қамровли ислоҳотлар матрисасини амалга оширишдаги ҳал қилувчи қадам сифатида қараши маълум қилинди.

Учрашув доирасида “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” лойиҳаси бўйича келишув имзоланди.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масасугу Асакава билан учрашувда давом этаётган ташқи таъсирларга қарамай, Ўзбекистоннинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришишдаги қатъияти юқори баҳоланди. Асакава бундай мустаҳкамликни мамлакатимиз ҳукумати томонидан амалга оширилаётган қатъий ислоҳотлар билан боғлади.
“Баҳорги йиғилишлар” давом этар экан, Ўзбекистон делегацияси ҳамда Халқаро молия корпорацияси бошқарувчи директори ва ижрочи висе-президенти Махтар Диоп ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва ХМК ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий масалалари, шунингдек, қурилиш бозорини тартибга солиш таҳлилини амалга оширишда кўмаклашиш ва “яшил” қурилишни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш мавзулари муҳокама қилинди.
Қатар молия вазири Али бин Аҳмад Ал Куварий билан учрашувда Ўзбекистон ва Қатар давлатлари раҳбарларининг келишувларини амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Қатар банклари, молия институтлари ва йирик корхоналарнинг Ўзбекистонда давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш ҳамда истиқболдаги ДХШ лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси билан Жаҳон банки гуруҳининг бир қисми бўлган Кўп томонлама инвестисия кафолатлари агентлиги (МИГА) висе-президенти Эфиопис Тафара ўртасидаги учрашувда МИГА операцияларидаги муҳим ўзгаришлар эълон қилинди.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Жаҳон банки гуруҳига кирувчи ташкилотлар томонидан чиқарилган кафолат воситаларини бошқариш МИГА бошқарувига ўтказилади. Ушбу ўзгариш Жаҳон банки гуруҳи доирасидаги жараёнларнинг самарадорлиги ва марказлаштирилишини мустаҳкамлашга қаратилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!