Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларига оид инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларига оид инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда

«Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.

Бугунги кунда саноат сектори дунёдаги йиллик бирламчи энергия истеъмолининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади. Бу йўналишда ISO 50001 халқаро стандарти қабул қилинган бўлиб, у энергия самарадорлиги масалаларини тартибга солади. Энергия ресурсларидан самарали, яъни оқилона фойдаланишга қаратилган жараёнлар мажмуи – энергия самарадорлигига бериладиган бирламчи таърифдир.

Биноларнинг энергия таъминоти ёки ишлаб чиқариш жараёнлари учун камроқ энергия сарфлаш эвазига керакли натижага эришиш самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади.

Шу маънода, республикамиз миқёсида ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия тежамкорлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази бўлим бошлиғи Музаффар Хайриддинов «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.

Унга кўра, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази томонидан Жанубий Кореянинг 2,3 млн долларлик грант маблағлари ҳисобига «Ўзбекистон Республикасида кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш синов лабораториясини ташкил этиш» лойиҳаси амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа натижасида, энергия сарфи юқори бўлган кондиционер маҳсулотларини муомалага чиқарилишини олдини олиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда импорт тарзида кириб келадиган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш имконияти яратилди.

Шу билан бир қаторда, маҳаллий корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга эришилади.

Бу борада, Марказнинг Пискент туманида жойлашган синов лабораториялар мажмуаси халқаро талабларга мувофиқ равишда таъмирланиб, зарур бўлган синов жиҳозлари ва ўлчаш воситалари билан таъминланди.

Шунингдек, 5 нафар мутахассислар Корея Республикасида кондиционерларни энергия самарадорлигини баҳолаш лабораторияларида ўз малакасини оширди ва ушбу йўналиш ва мувофиқликни баҳолаш тизими бўйича ташкиллаштирилган ўқув-тренингларида икки мамлакат масъуллари ўзаро тажриба алмашди.

Бундан ташқари, синов лабораториялари томонидан расмийлаштирилаётган хулосаларни халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида, лойиҳа доирасида халқаро ISO 5151 стандартини амалиётга жорий этиш бўйича ЎзДСт ISO 5151 стандарти ҳам қабул қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази ҳамда Жанубий Корея Республикасининг «Korea Conformity Laboratories» ташкилоти ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Унга асосан, мувофиқликни баҳолаш соҳасида олиб борилган синов натижаларини ўзаро тан олинишини таъминлаш мақсадида икки томонлама солиштирув синовларини олиб борилади. Шунинг билан бирга, Ходимлар малакасини ошириш юзасидан қўшма семинарлар ўтказиш, Корея лабораторияларида тажриба алмашишларини йўлга қўйилади. Халқаро аккредитациядан ўтган синов лабораторияларини ташкил этиш билан бирга улардан фойдаланиш бўйича икки давлатнинг технология ва инновацияларини ҳамкорликда амалиётга жорий қилинади.

Бундан ташқари, маҳсулотларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш соҳасида ахборот, билим ва мутахассислар алмашинуви ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда четдан импорт тарзида кириб келаётган кондиционерларнинг энергия самарадорлигини тўлиқ баҳолаш имконияти вужудга келади.

Бу орқали, экспортга маҳсулот чиқарадиган маҳаллий корхоналар қўллаб-қувватланади ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштироки ҳар томонлама рағбатлантирилади. Шунингдек, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази синов лабораториялари томонидан расмийлаштирилаётган хулосаларни халқаро даражада тан олинишига эришилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!