Ўзбекистонда 600 та техникум ташкил этилади

Ўзбекистонда 600 та техникум ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев профессионал таълим ва миллий малака тизимларини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Касб-ҳунар таълимини такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ҳозирги кунда профессионал таълим тизими уч турдаги муассасалар: 333 та касб-ҳунар мактаби, 227 та техникум ва 112 та коллеждан иборат. Мазкур 3 турдаги муассасалар негизида техникумлар тармоғини ривожлантириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 600 та техникум ташкил этилади. Мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган 71 та муассаса биноси мактабларга айлантирилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади.

Энди коллежларда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилади. Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда Англиянинг “БТEC” дастури жорий этилади. Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади. Натижага қараб, бу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Қабул жараёнини иш берувчилар талаби асосида шакллантириш мақсадда электрон платформа яратилиб, унга барча вазирлик ва тармоқлар уланади.

Техникумларнинг таълим дастурлари саноат тармоқлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.

Шунингдек, тақдимотда Миллий малака тизимини ислоҳ қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Энди Касбий малака ва билимларни ривожлантириш республика кенгашига Бош вазир раислик қилади. Унинг таркибида 24 та янги тармоқ кенгашлари тузилади.

Таълим соҳасидаги лойиҳалар офиси ҳузурида Миллий малака тизимини ривожлантириш институти фаолияти йўлга қўйилади. Институт ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Миллий малака рамкасини янги таҳрирда қабул қилади.

Лавозим ва касблар классификатори қайта кўриб чиқилади, 100 га яқин замонавий касблар киритилиб, ҳозир амалиётда бўлмаганлари чиқариб ташланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!