"Улар жиноятчи эмас..." ёки "15 сутка"да нима гап?

"Улар жиноятчи эмас..." ёки "15 сутка"да нима гап?

Баъзан кимнингдир маъмурий ҳуқуқбузарлиги туфайли қамалгани ҳақида эшитиб қоламиз. Очиғи, Тошкентдаги маъмурий қамоқ жазоси ўталадиган муассасадаги муҳит юзасидан турли салбий фикрлар бот-бот қулоққа чалинади. Миш-миш гап­лар қанчалик ҳақиқат-у, у ердаги асл шароит қандай?

Бу масалага ойдинлик киритиш учун ИИВ Ахборот хизмати раҳбари, полковник Шохруҳ Гиясов бошчилигида бир гуруҳ ОАВ ходимлари ва блогерлар Тошкент шаҳар ИИББга қарашли Махсус қабулхонада, яъни халқ орасида «Панелний» деб аталувчи жойда бўлишди. Муассаса бошлиғи, майор Алишер Ҳошимов бу масканнинг шарт-шароитларию тартиб-қоидалари билан таништириб, журналистларни қизиқтирган барча саволларига жавоб берди.

– Асосан Тошкент шаҳри фуқаролари орасида маъмурий қамоққа олинган шахслар шу жойда сақланади. Бино 3 қаватдан иборат. Унда 32 та камера бор,
150 кишига мўлжалланган. Камераларнинг ҳолатини эса ўз кўзингиз билан кўрганингиз маъқул, – дея йўл бошлади.

Ичкарига кириб бораверган сари тасаввуримиз ўзгара бошлади. Бино йўлакларидан тортиб камераларгача топ-тоза, саранжом-саришта. Ҳар бир хонада шахсий гигиенага халал бермайдиган кузатув камералари ишлаб турибди. Ҳар қаватда ювиниш хонаси бор. Ҳатто кир ювиш машинасигача ўрнатилган.

– Маъмурий қамоққа олинган шахслар исталган вақтда кийим-кечакларини ювишлари мумкин. Уларни барча ювиниш ҳамда кир ювиш воситалари билан таъминлаймиз, – деди Алишер ака.

Тиббиёт хонаси ҳам ишлаб турибди. Ўттиз ўринга мўлжалланган ошхона кичкина бўлишига қарамай, ёруғ, тоза-озода. Алишер аканинг сўзларига кўра, бу ерда овқат тайёрланмайди, шартнома асосида ташқаридан келтирилади. Жазо муддатини ўтаётган шахслар кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Бундан ташқари, уларга оила аъзолари ҳам турли егуликлар олиб келтириши мумкин. Бунинг учун ариза билан мурожаат этишлари лозим бўлади. Уйидан келтирилган барча маҳсулотлар уларнинг ўзида сақланади.

Муассаса ҳовлисида спорт майдончаси бор, сайрга чиққан пайти бу ерда спорт билан шуғулланишлари мумкин. Уйига – оила аъзолари ёки яқинларига қўнғироқ қилиб гаплашишлари учун мўлжалланган махсус хоналар ва у ердаги шароитлар ҳам талаб даражасида.

Майор А. Ҳошимовдан бу ердаги фуқаролар асосан қайси ҳуқуқбузарлик­лари учун маъмурий қамоққа олингани ҳақида сўрадик.

– Ораларида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар, алимент тўламаганлар бор. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга суд томонидан маъмурий қамоқ жазоси тайинлангачгина, у шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва суд қарори билан шу ерга олиб келинади. Муассасамизда шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлар сақланмайди.

– Бу жойда аёллар ҳам бор экан... 

– Афсуски, ичкиликбозлик, оилавий жанжаллар туфайли маъмурий қамоқ жазоси тайинланган аёллар ҳам учраб туради.

– Қайта-қайта тушганлари ҳам борми?

– Ора-сира кузатилади.

– Улар мажбурий меҳнатга жалб қилинадими?

– Асло, ўзи истамаса, меҳнатга жалб қилинмайди. Лекин аксарияти суд томонидан белгиланган жаримани тўлаши учун ишлаш истагида эканини билдиришади. Айрим корхоналар шартнома асосида уларни иш билан таъминлашади. Баъзан, хоҳишига кўра, ободонлаштириш ишларига ҳам жалб этилади.

– Қочиб кетиш ҳолатлари бўлганми?

– Бўлмаган. Чунки улар доим назоратда эканини яхши билишади. Ташқарига чиқишдан аввал яна тушунтириш ишлари олиб борилади. Тушлик вақтида эса муассасага қайтариб олиб келинади ва яна қайтиб ишга чиқади.

Шундан сўнг журналистлар махсус қабулхона ҳовлисида сайрга чиққан, жазони ўтаётган фуқаролардан ходимларнинг муносабати ва бу ердаги шароитлар ҳақида сўраганида, ҳеч қандай қийноқ ёки тазйиқлар қилинмаслигини таъкидлашди. Уларнинг сўзларида муассасадаги шароитлар ҳамда ходимларнинг муомаласидан норозилик сира ҳам сезилмади. Айримлари ўз муаммолари юзасидан маслаҳат сўрашганида, журналистлар уларга йўл-йўриқ кўрсатишди, жумладан, давлат томонидан бепул адвокат олиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.

– Улар жиноятчи эмас, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, холос. Имкон даражасида профилактика ишлари олиб борилади. Жазони ўтаб кетаётганлар орасида «раҳмат» айтадиганлари ҳам бўлади.

Тошкент шаҳар ИИББга қарашли Махсус қабулхона эшигидан чиқиб борар эканмиз, кўнглимиздан... «Бу ерда кимдир ўз қилмишидан пушаймон бўлиб хатоларидан тўғри хулоса чиқарса, феълидаги ёмон иллатларни тарк этиб, яхши хислатлар сари юз бурса, бир маъмурий ҳуқуқбузарлик ортида жиноят палак отиши, бир инсон шаънига «жиноятчи» деган тамға босилишининг олди олинган бўлади», деган ўйлар ўтди.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

«Postda» мухбири.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!