Турк лираси курси тарихий минимум даражасигача қулади

Турк лираси курси тарихий минимум даражасигача қулади

Бугун Туркия миллий валютаси — лираси 10 фоизгача қадрсизланди ҳамда Анқара ва Вашингтоннинг сақланиб турган ўзаро зиддияти фонида АҚШ долларига нисбатан тарихий рекорд минимумни янгилади.

Йил бошидан буён турк лираси ўз қийматининг 27 фоизини йўқотди. Экспертлар фикрича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг мамлакат пул-кредит сиёсати устидан назоратни кучайтиришга бўлган интилиши миллий валюта курсида ўз аксини топган. Бугун 1 АҚШ доллари қарийб 6,5 турк лирасига сотилган.

Бундан ташқари, лира курсининг тушиши АҚШ президенти маъмуриятининг Туркиянинг АҚШ бозорига божсиз кириши масаласини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги баёнотидан сўнг рўй берган. Бу ҳол Туркиянинг 1,5 миллиардлик экспортига ўз салбий таъсирини ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ август ойи бошида мамлакатга айрим маҳсулотларини импорт қилишда имтиёзлардан фойдаланиш тизими (Generalized System of Preferences — GSP) да Туркиянинг иштирок этиш имкониятини қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлаган.

Турк лираси курсининг қулаши америкалик пастор Эндрю Брансон ишига боғлиқ равишда Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ва ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлуга нисбатан АҚШ молия вазирлиги санкция жорий этиши билан боғланмоқда. Бу амалдорларнинг АҚШга кириши тақиқланади, уларнинг Америкадаги активлари музлатилади.

Туркия делегацияси 8 август куни Вашингтонда АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Жон Салливан билан бўлиб ўтган музокараларда Туркияда жосуслик ва террорчилар билан алоқада бўлганлиги учун ҳибс этилган пастор Эндрю Брансонни озод этиш учун ваъда бериш ёки ён беришни рад этган.

Турк делегацияси учрашув мобайнида АҚШнинг Эронга нисбатан жорий этган сакцияларини бузганликда гумонланиб, унга нисбатан суриштирув олиб борилаётган Туркиянинг Halkbank банки билан боғлиқ вазиятдан ташвиш билдирган. Бироқ АҚШ вакиллари музокара мобайнида токи Анқара Брансонни озод этмас экан, Halkbank’га  нисбатан потенциал чоралар юмшатилмаслигига шама қилган. Анқара вакиллари эса ўзларига қандайдир мажбурият олишмаган ёки пасторнинг озод этилиши бўйича Вашингтонга бирор ваъда бермаган.

The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, америка-турк музокараларидаги муваффақиятсизлик Дональд Трамп маъмуриятининг Туркияга нисбатан янги «жазо чоралари» қўлланилишига олиб келиши мумкин.

Manba: kun.uz

Бўлимга тегишли бошқа хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!