Тожикистонда тўй ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди

Тожикистонда тўй ўтказиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди

Тожикистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар, жумладан, турли байрам ва маросимларни ўтказиш тартиби кучга кирди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун «Чумҳурият» («Республика») газетасида эълон қилинди.

Ўзгартиришлар қуйидаги жарималарни назарда тутади:

- маҳаллий назорат қилувчи органларни байрам ёки тантана ўтказиш нияти тўғрисида хабардор қилмаганлик учун, шунингдек, тадбирлар вақтида пул сочиш ва кўргазмали равишда тарқатиш учун – 10 ҳисоб-китоб кўрсаткичи (720 сомоний ёки 67 АҚШ доллари) миқдорида;

- туғилган кун, суннат ва боланинг туғилиши, дафн маросимлари ва исм қўйиш кунлари билан боғлиқ бошқа маросимларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жисмоний шахсларга 815 АҚШ доллари миқдорида жарима солинади. Мансабдор шахслар 2377 доллар миқдорида жаримага тортилади;

- таклиф этилган меҳмонлар сони, байрамни ўтказиш вақти ва давомийлигига риоя қилмаганлик учун жисмоний шахслар 1494 АҚШ доллари, мансабдор шахслар эса 3735 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади.

Тожикистон президенти томонидан 20 июн куни имзоланган «Анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, тадбирларнинг рухсат этилган давомийлиги 3 соат қилиб кўрсатилган. Уларнинг иштирокчилари сони чекланган: зиёфат - 150 нафаргача, тўй - 200 нафаргача, «куёв кўрар», «келин кўрар» - 15 нафаргача. Тадбирлар 22:00 дан кечиктирмай тугаши керак.

Жисмоний ва юридик шахслар (ҳунармандлар, ресторанлар, кафелар, ошхоналар ва банкет заллари) томонидан тантаналар ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлиги учун жарималар: 2037 АҚШ долларидан 10188 АҚШ долларигача.

Шунингдек, 481-модда Умра ва Ҳаж билан боғлиқ маросимларни ўтказиш тартибига риоя қилиш тўғрисидаги норма билан тўлдирилган.

Зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш, ҳожизиёрат (зиёрат қилиш), ҳожиталбон (зиёратдан қайтганларни қабул қилиш), ҳожиоши (зиёфат), совға-саломлар тарқатиш, зиёратчилар шарафига ҳовлилар, кўчалар ва автомашиналарни безаш тартибини бузганлик учун жисмоний шахсларга жарима 2037 АҚШ доллари, мансабдор шахсларга 5433 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Юқорида кўрсатилган қилмишларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этса, жарималар миқдори бир неча баробар ошиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!