Тинчлик ҳаракати амалга оширилмаганида, Қибрисда бирорта турк қолмасди – Эрсин Татар

Тинчлик ҳаракати амалга оширилмаганида, Қибрисда бирорта турк қолмасди – Эрсин Татар

Туркий давлатлар ташкилоти саммитида илк бор иштирок этган Шимолий Қибрис Турк Республикаси президенти Эрсин Татар Туркия ва Қибрис Турк Республикаси (ҚТР) томонидан “Қибрис тинчлик ҳаракати” амалга оширилмаганида, ҳарбий хунта мусулмонларни оролдан батамом йўқ қилиб юборган, бугун у ерда турклар яшамаган бўларди, деди. Бу ҳақда у Озарбайжоннинг ARB24 TV телеканалига берган интервьюсида тўхталиб ўтди.

Президент 1974 йили амалга оширилган Тинчлик операцияси Кипр (Қибрис) оролида мусулмонларнинг омон қолиши учун тарихий қадам бўлганига эътибор қаратган. Шунингдек, у озарбайжонлик журналист билан суҳбати давомида қуйидаги эътиборга молик фикрларини баён этди:

- Агар “Қибрис тинчлик ҳаракати” амалга оширилмаганида, бугун Қибрис оролида турклар яшамасди. Ўз вақтида кўрилган чора Кипрни Греция билан бирлаштириш ҳамда ҳарбий хунтанинг мусулмонларни оролдан батамом йўқ қилиш сингари ғаразли мақсадларини пучга чиқарди.

- Кипр юнонларини қуроллантириш ишлари давом эттирилмоқда, бунинг учун ўртача 350-400 миллион евро сарфлаётганини инобатга олиб, турк ҳарбийларининг оролни тарк этиши мусулмонлар учун янги муаммоларни юзага келтириши мумкин. Турк ҳарбийлари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун оролда қолиши муҳим.

- Жаҳон ҳамжамиятини Кипрдаги вазиятга холис баҳо беришга чақираман. Зеро оролда иккита алоҳида демократик давлат ва икки алоҳида халқ мавжуд бўлиб, уларнинг бирлашиши яна можароларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис бу икки суверен давлат халқаро миқёсда тан олиниши керак.

- Россия Шимолий Қибрис Турк Республикасига нисбатан вазмин муносабатда. Турк Республикасининг Россия билан муносабатлари келажакда янада яхшиланиши мумкин.

- Шимолий Қибрис Турк Республикасининг ТДТда кузатувчи сифатида иштирок этиши унинг халқаро миқёсда тан олиниши учун жуда муҳим.

- Тузилиши режалаштирилаётган федератив давлатда турклар этник озчиликка айланиши мумкин. Минтақада тинчликни таъминлашнинг энг мақбул ечими эса икки мустақил давлатнинг ташкил этилишидир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!