СОЧ ТЎКИЛИШИГА НИМА САБАБ БЎЛАДИ?

СОЧ ТЎКИЛИШИГА НИМА САБАБ БЎЛАДИ?

ССВ Матбуот хизматининг соч касалликлари ва уларни даволашдаги замонавий ёндашувлар ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом РАҲИМОВ жавоб берди (1-қисм).

— Сочларнинг меъёрда ўсиши нимага боғлиқ? Соч касалликлари кимларда кўпроқ учрайди?

— ЖССТ маълумотларига кўра, дунё миқёсида ушбу касалликнинг у ёки бу шакли билан касалланганларнинг 65 фоизи эркаклар ва 35 фоизи аёллардир.

Касалликнинг кўпайиши, бир томондан, организмдаги сурункали касалликлар, стресс, узоқ вақт қўлланилаётган дори-дармонларнинг салбий таъсирига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, экологик омиллар, истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар таркибида фойдали моддаларнинг етишмовчилигига ҳам боғлиқ.

Бу масалаларни ўрганувчи тиббиёт соҳаси — трихология бошнинг сочли қисми ва сочларнинг нормал ҳолатда тузилиши, ўсиши ҳамда соч касалликларининг олдини олиш ва даволаш усулларини ўрганади. Соч тўкилиши билан боғлиқ ҳолатлар тиббиётда алопеция деб юритилади.

Соч толаси ўзак ва илдиз қисмларидан иборат. Унинг таркиби пигмент ва кератин моддаларидан ташкил топган.

Инсоннинг бошида ўртача тахминан 100 000 соч фолликулалари мавжуд. Қизиғи, соч рангига қараб, фолликулалар сони ва қалинлиги фарқ қилиши мумкин. Соч толаси малла сочлиларда 150 000 та, қизғиш сочлиларда эса 50 000 та бўлиши мумкин.

Ҳаёт давомида ҳар бир фолликуладан 20-30 та соч толаси ўсиши мумкин. Ҳар бир янги соч толаси 2-7 йил давомида ўсиши мумкин ва унинг узунлиги бир метрдан ошади.

Соч ўсиши уч босқичда бўлади:

📌Анаген босқичи – ўсиш даври. Бошдаги 85 фоиз соч толаси ушбу босқичда ўсади. Бу давр 2-5 йилгача давом этади.
📌Катаген босқичи – регресс даври ҳисобланиб, 1 фоиз сочлар ушбу босқичда пайдо бўлиб, 3-6 ҳафта давом этади.
📌Телоген босқичи – тинчланиш даври. Бу давр 1-3 ой давом этиб, бу босқичда 14 фоиз сочлар ўсиши кузатилади.

Соч толалари бутун ҳаёт давомида 25 маротаба ушбу циклни ўтайди.

— Соч тўкилишига сабаб бўлувчи омиллар нималардан иборат?

— Соч тўкилишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Масалан:

📌 стресс;
📌 наслий мойиллик;
📌 модда алмашинувининг бузилиши;
📌 сурункали ички аъзолар касалликлари;
📌 эндокрин касалликлар;
📌 дори-дармонларнинг салбий таъсири;
📌 инфекцион касалликлар;
📌 норационал овқатланиш.

Соч тўкилиши бир неча турларга бўлинади:

✅ Физиологик ёки қарилик сабаб соч тўкилиши. Вақт ўтиши билан инсон организмида тўкилган сочларни қайта тўлиқ тиклаш қобилияти камайиши натижасида каллик пайдо бўлади. Аёлларда физиологик соч тўкилиши диффузион характерда бўлиб, каллик кузатилмаслиги мумкин. 55-65 ёш нормал физиологик соч тўкилиши кузатиладиган ёш, деб ҳисобланади.

✅ Патологик соч тўкилишининг ўзи ҳам бир неча турга бўлинади: чандиқли ва чандиқсиз соч тўкилиши.

Чандиқли соч тўкилиши турли хил касалликлар, жароҳатлар ва рентген нурларидан юз беради.

Чандиқсиз соч тўкилишининг ўчоқли, субтотал, тотал, универсал, лентасимон, андроген соч тўкилиши каби турлари бор.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!