Шавкат Мирзиёев қандай ташаббусларни илгари сурмоқда?
Президент Шавкат Мирзиёев пахта-тўқимачилик йўналишида илгари сурган асосий ташаббуслар:
- пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади;
- кластерлар пахта етиштириш (пахта қийматининг 60 фоизи) учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан 24 ойга кредит ажратилиб, унинг имтиёзли даври 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади;
- кластерларга пахта теримини (пахта қийматининг 20 фоизи) молиялаштириш учун ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси маблағларидан имтиёзли - 10 фоиз ставкада кредит ажратилади;
- пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар фақат кластерлар орқали молиялаштирилади;
- якуний ҳисоб-китоб учун (пахта қийматининг 20 фоизи) олинган кредит фоизининг Марказий банк ставкасидан (14 фоиз) ошган қисми Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек:
- кластерларга бириктирилган 1 млн гектар пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси хизматлари, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектарга 1 миллион сўмдан грант ажратилади;
- кластерлар томонидан ип-калавани чуқур қайта ишлаш келгуси 2 йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказилади;
- матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади;
- бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4-5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади;
- бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади, мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари:
- келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга, кредит олишда пахта хом-ашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади;
- очиқ танлов асосида барча кластерлар билан 30 йил муддатгача алоҳида шартнома тузилади;
- кластерларга ўғит, ёқилғи ва техника хизматлари каби масалаларни мустақил ҳал қилиш ва уларни тўсиқсиз импорт қилишга рухсат берилади;
- пахтачилик фермерлари ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудуддаги кластерга танловда устуворлик берилади;
- кластерлар фаолиятини тугатиш Республика комиссияси хулосаси асосида фақат суд тартибида ҳал қилинади.
- келгуси йилдан экинларни жойлаштириш тартиби сақланган ҳолда ғаллачилик кластерлари ва фермерларга етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади;
- ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради;
- қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ғалла етиштиришни имтиёзли кредитлаш тартиби келгуси 3 йилда сақлаб қолинади;
- молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма 2,5 миллион тонна ғаллани биржадан бозор нархларида давлат захираси учун сотиб олади;
- сотиб олинган ғалла донни сақлаш қувватлари мавжуд ғаллачилик кластерларига танлов асосида сақлаш учун жойлаштирилади;
- “Ўздонмаҳсулот” таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари негизида ғалла кластерлари ташкил этиш учун улар очиқ савдоларга чиқарилади;
- жорий йилда давлат захирасига сотиб олинган ғалла ҳисобига, кластерларнинг қўшимча харажатларини қоплаш учун ҳар бир килограмм буғдойга 350 сўмдан ажратилади.
- мева-сабзавотчиликда ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан кластерларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади;
- кластерларга айланма маблағ учун амалдаги 20-24 фоизли тижорат кредитлари ўрнига Жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади;
- келгуси йилдан суғурта компаниялари орасида мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш тизими жорий этилади;
- экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот кластерлари ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади;
- паст ҳосилли 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига танлов асосида 1 гектардан ижарага берилади;
- “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида 100 миллион сўмгача бўлган кичик интенсив мева-сабзавотчилик лойиҳаларига кредит бериш тартиби жорий этилади;
- кредитлар мева учун 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил, сабзавотга 2 йил муддатга ажратилади ва гаров таъминоти талаб этилмайди;
- ҳар бир вилоятдаги биттадан энг илғор мева-сабзавот кластерлари билан ҳамкорликда маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш учун давлат-хусусий шериклик асосида агрологистика марказлари барпо этилади.
- қишлоқ хўжалиги учун техника сотиб олишда кредит харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилади;
- жорий йил ҳосилидан бошлаб 3 йил давомида пахтани Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида машинада териш харажатининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади;
- импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади;
- четдан олиб келинган техникаларга қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача кечиктириб тўлаш тартиби жорий этилади;
- лазерли текислаш ускуналари ва дон уруғ сеялкаларини харид қилиш учун келгуси йилда 50 миллиард сўм субсидия ва божхона имтиёзлари берилади;
- янги навлар майдонларини кенгайтириш орқали пахтада ҳосилдорликни 60 центнергача, ғаллада эса 80 центнерга етказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Шунингдек:
- фермер ва кластерларга, пахта ҳамда ғалланинг энг ҳосилдор навларини импорт қилиш ва мустақил жойлаштиришга рухсат берилади;
- “Ўздонмаҳсулот” тизимидаги 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги Уруғчилик марказига ўтказилади;
- сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун кредитлар, тижорат банклари томонидан камида 5 йилга берилади.
- субсидия ажратиш тизими ҳам такомиллаштирилади. Жумладан, биринчи йили субсидиянинг 50 фоизи берилиб, ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб, келгуси йили қолган 50 фоизи тўлаб берилади;
- юқори ҳосилдорликни сақлаб қолган пахта, ғалла ва мева-сабзавот кластерларига учинчи йилда яна 20 фоиз субсидия берилади;
- сув тежовчи технологиялар ўрнатувчи корхоналарнинг ягона электрон реестри жорий қилинади.
Айни пайтда ҳокимлар ва кластер раҳбарлари йиғилишда кўтарилган масалалар юзасидан ахборот бермоқда.