Шавкат Мирзиёев номидан саҳифа очиб, одамлардан пул ундирган фирибгар қамалди

Шавкат Мирзиёев номидан саҳифа очиб, одамлардан пул ундирган фирибгар қамалди

Facebook ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев номига очилган сохта саҳифадан фойдаланиб, фирибгарлик ҳолати содир этиб келган шахсга суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати.

2021 йилнинг мартида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида вақтинча яшаб келган сурхондарёлик фуқаро Шавкат Мирзиёев номидан Facebook’да сохта профил очган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди. Ушбу профил орқали ўзини Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари деб таништириб, фуқаролар билан мулоқотга киришган ва турли масалаларда, хусусан, уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатишни ваъда қилган.

Ўз хизмати эвазига у банк пластик картасига 50 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача пул ўтказишни сўраган.

Тошкент вилояти ИИББнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди томонидан кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, 1982 йилда туғилган гумонланувчи фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддасига (фирибгарлик) кўра, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 3 йил интернетдан фойдаланишни чеклаш жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!