Самарқандлик аёл ногирон фарзандига фуқаролик паспортини ололмаётганидан шикоят қилди

Самарқандлик аёл ногирон фарзандига фуқаролик паспортини ололмаётганидан шикоят қилди

«Дарё» таҳририятига Самарқанд шаҳридан қўнғироқ бўлиб, чорасиз қолган аёл 2002 йилда болалар бош мия фалажи билан туғилган фарзанди Темур Аҳроровнинг фуқаролик паспорти олишда муаммо юзага келгани хусусида мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, болаликдан ногирон бўлган фарзанди умуман юролмайди, гапира олмайди. Фуқаролик паспортини олишда муаммолар юзага келаётганлигидан нима қилишни билмаётганлигини билдирди.

– Фарзандимга паспорт тўғрилаш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 8-сон ИИБ Миграция фуқароликни расмийлаштириш бўлимига борсам фарзандингизни олиб келинг дейди. Ўғлим болаликдан болалар бош мия фалажи, сурункали тутқаноқ хуружи билан касалланган. Ўғлим болаликдан ногирон эканлигини, юра олмаслигини тушунтирдим. Ҳатто расмини ҳам кўрсатдим. Аммо улар мени тушунишмади, — дейди Раъно Қулдошева. – Паспорт олиш учун бир ойдан бери югуриб юрибман. «Паспортстол» ходимлари расмга туширадиган аппарат йўқ деб айтишди. Ахир, ногиронларнинг уйига бориб паспорт беришмайдими? Наҳот улар бу ишни қила олмаса. Ўғлим ногирон бўлгани учун ҳеч қаерда ишлай олмайман. Унга доимий қаровчи одам керак. Ўзим ўғлим билан ёлғиз яшаганимиз учун унинг нафақаси орқали кун кўрамиз. «Паспортстол» ходимлари фақат аппаратни баҳона қилишади.

Самарқанд шаҳридаги 5-сон оилавий поликлиника шифокори Муҳиддин Ўриновнинг билдиришича бош мия фалажи ва сурункали тутқаноқ касаллиги билан оғриган беморлар доимий тарзда назоратда бўлиши керак. Фарзандига қараётган Раъно Қулдошева шу сабабли ҳам бошқа иш қилишга имкони йўқ.

– Тирикчилик, рўзғор ногирон фарзандимнинг нафақаси ортидан ўтади.  340 минг сўм нафақа пулини у ойдан бу ойгача етказаман. Аммо сўнгги бор нафақа пулини олганимда август ойида бизга пенсия чиқмаслигини билдиришди. Ногиронлик нафақасини олиш учун эса ўғлимнинг паспорти йўқлиги муаммо бўляпти. Паспорт олиш учун эса менинг имкониятим йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринг, 340 минг сўм билан бир ой яшаб бўладими? Ҳозир паспорт олиш учун 90 минг тўлов қилишим, қолаверса ногирон фарзандимнинг ўзини олиб боришим керак экан, дейди Раъно Қулдошева. – Ўзим меҳрибонлик уйида катта бўлганман. Турмуш ўртоғим фарзандимнинг бу аҳволини кўриб ташлаб кетган. Ногирон болаларга қаровчи давлат муассасалаларини бориб кўрдим. У ерда шароит яхши бўлмагани учун фарзандимни юбормадим.

Темур Аҳроровнинг  фуқаролик паспортини олиш бўйича юзага келган муаммо юзасидан Самарқанд шаҳридаги 8-сон Иски ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи Фурқат Акрамов билан боғланиб масалага ойдинлик киритдик.

– Биз фуқаролик паспорти бериш бўйича барча зарур ҳужжатларни тайёрлаб Самарқанд шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига юборамиз. Темур Аҳроров масаласига тўхталадиган бўлсак, биз ҳали бирор маротаба болангизни ўзингиз олиб келинг деб айтганимиз йўқ, — дейди Фурқат Акрамов. – Темур Аҳроров паспорт олиши учун барча ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашамиз. Зарур ҳужжатларни тайёрлаб юборамиз. Аммо паспорт олиш, расмга тушиш ва бошқа масалаларни Самарқанд шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳал қилади.

Самарқанд вилоятида ногирон фуқароларга паспорт бериш масаласи шу даражада муаммога айланганми? Ногиронларни паспорт учун расмга туширадиган махсус аппарат йўқми? Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга паспорт олишда бирор бир имтиёз берилмаганми? Ўйлаймизки, бу масалада Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мутасадди раҳбарлари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чоралар кўрилади.

– Фарзандим билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлигига бордим. У ерда Азиз Собиров деган инсон билан гаплашдим. Аммо у киши ҳам ҳокимият ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтди. Мен фарзандим ногирон эканлиги учун бошқаларга ўхшаб уялиб юрмайман. Фарзандим учун қўлимдан нима келса ҳаммасини қиламан. Афсуски, ҳозир имкониятим яхши эмас. Шу боисдан ҳам паспорт олиш учун амалга ошириш лозим бўлган 90 минг сўм пулни тўлашга қурбим етмаяпти, — дейди Раъно Қулдошева. – Мен ҳам фарзандим бошқа болаларга ўхшаб истироҳат боғларида айланишини истайман. Майли бирор бир аттракционда учмасин, шунчаки айлансин. Агар бирор бир ҳомий чиқиб бу ишни амалга оширишга ёрдам берса хурсанд бўлардим.

Ушбу масалани ўрганиш баробарида қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Бу йил 16 ёшга кирадиган Темур Аҳроровга шу вақтга қадар бирор маротаба ҳам ногиронлик аравачаси берилмаган экан. Ваҳоланки, ҳар йили 3 декабрь Халқаро ногиронлар кунида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан ногиронларга қаратилаётган эътибор, уларга берилаётган совға-саломлар хусусида бот-бот гапирилади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан болаликдан ногирон Темур Аҳроров эътиборда четда қолиб кетишининг сабаби нимада? Бу саволга Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан жавоб кутиб қоламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!