Россия Украинанинг иссиқлик электр станцияси ва газ инфратузилмасига ҳужум қилди
27 декабрь куни Россия қўшинлари "Нафтогаз" газ ишлаб чиқариш корхоналари ва иссиқлик электр станциясига "Шаҳед" ракеталари билан ҳужум қилди.
Бу ҳақда Украина ОАВлари хабар бермоқда.
"Ҳужумлар "Нафтогаз" гуруҳининг иссиқлик электр станциялари ва газ ишлаб чиқариш корхоналарида қайд этилган", — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
Шу билан бирга, Украинанинг "Нафтогаз" миллий акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Сергей Корецкий Россия ҳужумлари кескин совуқ билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади. Унинг тушунтиришича, душманнинг мақсади совуқ ҳаво ва юкнинг энг юқори чўққисидан фойдаланиб, тизимни ўчириб қўйишдир.
"Фавқулодда вазиятлар бригадалари, техник хизматлар ва барча тегишли бўлинмалар ҳужум оқибатларини бартараф этиш ва объектларни тиклаш бўйича кучайтирилган тартибда ишламоқда", — қўшимча қилди у.
Украина энергетика вазири вазифасини бажарувчи Артем Некрасов аввалроқ Россия Қуролли кучлари Киев ва Киев вилоятига дрон ва ракета ҳужумлари чоғида подстансиялар ва ҳаво электр узатиш линиялари, шунингдек, алоҳида электр ишлаб чиқариш объектлари сезиларли даражада шикастлангани ҳақида хабар берган эди.
Айни пайтда электр ва иссиқлик таъминотини тиклаш ишлари давом этмоқда.
27 декабрь, шанба куни, кечадан ва эрталабдан бошлаб Россия кучлари Украина ҳудудига 40 та ракета ва 519 та учувчисиз учоқларни учирди.
