Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий машғулотлар бошланди
Ғарбий Қозоғистондаги Манғистау вилоятида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари иштирокида «Бирлестик-2024» минтақавий халқаро ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Ҳарбий маневрлар Оймаша полигонида, шунингдек, Токмак бурнидан икки километр узоқликдаги денгиз участкасида бўлиб ўтади», — дейилади вазирлик баёнотида.
8 июлдан 17 июлгача ҳарбий контингентлар ўқув машғулотлари доирасида қуролли тўқнашувни маҳаллийлаштириш бўйича қўшма операцияни тайёрлайди ва ўтказади.
Машғулотларга 4 мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳамда 700 тагача қурол ва ҳарбий техника жалб этилади. Тактик эпизодлар қуруқлик ва ҳаво разведка гуруҳлари, денгиз махсус кучлари, армия ва фронт авиацияси экипажлари, ҳарбий кемалар ва катерлар, артиллерия экипажлари, ҳужум ва танк бўлинмалари иштирокида ўтказилади.
Машғулотлар доирасида маданий ҳордиқ чиқариш ва спорт тадбирлари ҳам ўтказилади. Мусобақалар ҳарбий амалий спорт турлари, «Багдар» тактик ориентирлаш ва армия тактик ўқ отиш бўйича ўтказилади.