Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига: Яккабоғ туман тиббиёти ходимлари нега “уйқу”да?

Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига: Яккабоғ туман тиббиёти ходимлари нега “уйқу”да?

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани тиббиёт муассасалари фаолиятига бир назар ташласангиз, соҳада ижобий ўзгаришлар олиб борилаётганини сезасиз. Аммо, ҳали “уйқуда” юрган шифокорлар борки, улар йўл қўйган камчилик ва хатолар туман тиббиётига яхшигина “хол” бўлаётганини кўриш мумкин. Масалан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-сонли оилавий поликлиникаси фаолиятига эътибор берилса, бу ерда умуман тартиб-интизом ўрнатилмаганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Биринчидан, шифохона анчагина эскириб таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.  Деворлар емирилган, поллар тешилган, муассаса раҳбарининг сўзларига кўра, бинонинг том қисмидан қишда яхшигина чакки ҳам ўтар экан. Бу эса тартиб-интизом ўрнатилмаётганига “асосий сабаб” қилиб кўрсатилди.
Тушлик вақтидан ўтган, иш жараёнлари бошланган, лекин бемор ва тиббиёт ходимларини аниқлаш анча қийинчилик туғдиради. Боиси, ҳамма ўзи билан ўзи оввора. Кимдир тўйга кетиши керак, кимдир уйга кетиши керак ёки кимдир “уйқу”ни уриши керак. Бундан дейишимизга сабаб бор.  Чунки, поликлиниканинг кундузги беморларга тиббий хизмат кўрсатиш хонаси ходимлари шу қадар ширин уйқуда эдиларки, ҳатто бизнинг кириб борганимизни ҳам сезишмади. Аксинча, уларни патронаж ҳамшираси “уйғотиб” юборди. Шу тахлит поликлиникада “иш жонланиб” кетди. Юзага келган тартибсизликларни ходимлар бартараф эта бошлашди. Аммо, айрим ҳамшира ва шифокорлар иш кийимини кийишни унутишган кўринади.
Орадан бироз вақт ўтиб, поликлиника мудири Озод Чоршанбиев ҳам етиб келди. Ҳолат бўйича изоҳ берар экан, раҳбар бунда ходимларнинг бефарқлигини ҳамда масъулиятсизлигини таъкидлаб ўтди. Аммо, бир вақтлар “Механизаторлар уйи” сифатида қурилган ва бугунги кунда тиббиёт муассасаси сифатида фойдаланилаётган бинонинг ростдан ҳам таъмирталаб  эканлигини ва бу иш сифатига жиддий таъсир этаётганини ҳам куйиниб гапирди.

Кейинги манзилимиз эса туман Юқумли касалликлар ишфохонаси томон бўлди. Рости, бу ердаги ҳолат ҳақиқий эътиборсизликнинг ўзгинаси. Шифохона асосий дарвозасидан кираверишда бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик. Шифохона қоровули қаттиқ уйқуда эканки, суратга олганимизни ҳам пайқамади. Бунинг устига, ҳовлига кираверишда сизни бир эмас, уч ёки тўртта итлар кутиб олади. Агар ҳамшира ҳайдамаганида бу итлар бегона кишиларга ҳамла қилиши ҳеч гап эмас.
Энди бир ўйлаб кўринг! Ўз номи билан Юқумли касалликлар шифохонаси. Лекин бу ерда дайди итнинг ўзидан бирор бир касалликни юқтириб олиш эҳтимоли кучли. Бироз ошириб юбордикми деб, шифохона бош ҳамширасидан бу ҳақда сўраганимизда у шундай деб жавоб берди:

-Бу итларни қанча йўқотишга уринмайлик яна келаверади. Нима қилишга ҳайронмиз. Рости, баъзан ўзимиз ҳам улардан чўчиймиз.

Яна бир гап. Мазкур касалхона ҳам анчагина эскирган ва ҳаттоки айрим бўлимларида беморларга тиббий хизмат кўрсатиб бўлмайди. Эшик бор, стол йўқ, электр токи бор, чироқ йўқ, беморлар дори-дармон ва егуликларини сақлашлари учун “тумбочка” бор, лекин у умуман ишлатишга яроқсиз ҳолга келиб қолган.
Шифохона бош шифокори Тошпўлат Абдуназаров айни дамда туман тиббиёт бирлашмасида йиғилишда бўлганлиги сабабли, у кишини учрата олмадик.

Вазият юзасидан изоҳ олиш учун туман тиббиёт бирлашмасига бордик. У ерда бизни туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Фозил Хидиров ва мутахассис Собир Ортиқов ҳамда бирлашма бош шифокори Ойсанам Бобоқулова кутиб олишди. Мутасаддиларга муаммоларни далиллари билан бирга кўрсатдик. Улар эса ҳар доимгидек, “бажарамиз”, “назоратга оламиз”дан нарига ўтишмади.

Туман мутасаддиларининг берган изоҳлари эса бизни қониқтирмади. Бугун эътиборингизга ҳавола этган мавзу кўпчилик учун балки оддий ҳолдек туюлар, аммо халқимизда бир гап бор. “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”. Бизнингча, тиббиёт тизимида кузатиладиган бундай муаммо ва камчиликларни гарчанд арзимасдек туюлса-да, бартараф этишнинг янгича усулини ишлаб чиқиш керак. Доимгидек сийқаси чиққан, қоғозларда қолиб кетадиган услубнинг замонаси ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси балки бу масала билан қизиқиб кўришар?!

Муносабат эса одатдагидан фарқли ўлароқ билдирилади, деган умиддамиз…

Муқаддас ИСМОИЛОВА,
Дилшод НАБИЕВ.

Manba: nnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!