Қариндошлар ўртасидаги низо судда адолатли ечим топди

Урганчлик Ёқуббой Хўжаниёзов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ёши бир жойга борганида, турмуш ўртоғи Норгул Хўжаниёзова билан ўрталаридаги қарийб 53 йиллик никоҳни бекор қилиш, шунингдек, хотини, қизи Дилором Хўжаниёзова, невараси Дилнура Қобилова, чевараси Ойгул Маҳмудовани уйдан чиқариб юбориш пайига тушиб қолди.
Бунга хотини Н. Хўжаниёзова 2018 йил Россия Федерациясидаги қариндошлариникига кетиб, 2024 йилнинг март ойигача қайтиб келмагани сабаб бўлди. У уй мерос ҳуқуқи бўйича ўзига қарашли экани, унда ўзга шахсларнинг мулкий улуши мавжуд эмаслигини қайд этиб, судга мурожаат қилди.
Дастлабки босқич суди унинг даъво талабини қаноатлантирди. Аммо қарши тарафнинг важлари эътибордан четда қолди. Натижада улар уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотишди.
Одатда, бундай вазиятда юқори турувчи суд маҳкамасига мурожаат қилинади. Шундай бўлди: она ва қизлари ҳамда набира Д. Қобилова (чевара О. Маҳмудова ҳали ёш — 2022 йили туғилган) ҳам шундай йўл тутишди. Дастлабки босқич судининг 2024 йил 28 майдаги ҳал қилув қарори устидан аппеляция тартибида Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига мурожаат қилишди.
Судлов жараёнига қонун талабини тўлиқ татбиқ этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳамиша масаланинг адолатли ва одилона ечимига етаклайди.
Бу ҳолат Фуқаролик-процессуал кодексининг 15-моддасида батафсил ифодасини топган ва унга кўра, суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.
Аппеляция ҳайъати жавобгар тарафнинг шикоят аризасини муҳокама қилар экан, процессуал судловнинг ана шу қоидасини эътибор марказига қўйди.
Урганч шаҳар, Бинокор маҳалласидаги низоли уй, чиндан ҳам, 2000 йил 11 октябрда нотариал тарзда тасдиқланган ҳадя шартномасига мувофиқ даъвогар Ё. Хўжаниёзовга тегишли эканини эътироф этди. Уй унинг номига давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳам ойдинлашди. Маълум бўлишича, тарафлар ушбу турар жойда оила бўлиб яшаб келишган.
Даъвогарнинг турмуш ўртоғи Н. Хўжаниёзова 2018 йил 10 августда Россия Федерациясининг Қрим Республикасида яшовчи ўғлининг уйига кетгани ҳақидаги маълумот ҳам ўз тасдиғини топди. Даъвогар хотини қўшни давлатга жўнаб кетгач, низоли турар жойда қизи Дилором Қобилова билан бирга қолган. Н. Хўжаёзова узоқ юртга кетиш олдидан ўзига тегишли пенсия пулларини ойма-ой олиш ваколатини эрига берган. Шу юзасидан уч йил муддатга нотариал тартибда ишончнома расмийлаштирилган.
Ё. Хўжаниёзов, ҳақиқатан ҳам, мазкур ҳужжат ёрдамида хотинига тегишли нафақа пулларни мунтазам равишда олиб, уй-рўзғор эҳтиёжларига сарфлаб келган. Турмуш ўртоғи Н. Хўжаниёзова эса, Қрим ҳудудидаги нотинчлик боис ўз вақтида уйига қайтиб келолмаган. Аммо Ё. Хўжаниёзов буни оилани бузишга қаратилган ножўя ҳаракатга йўйган, қарши тарафнинг муносабатини кутмаёқ орадаги никоҳни бекор қилиш учун судга мурожаат қилган. Шу ўринда Ё. Хўжаниёзов хонадонидаги оилавий можаролар суднинг дастлабки босқичида муҳокама этилганини алоҳида эслатиш зарур.
Мазкур босқич судининг 2023 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарорига биноан, даъво асосли, деб топилган. Орадаги никоҳ бекор қилинган. Ё. Хўжаниёзов ўтган йил баҳор чоғи дастлабки босқич судига яна мурожаат қилиб, юқорида исм-шарифлари келтирилган фуқароларнинг ўзига қарашли мерос уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топишни сўради. Мазкур суднинг, юқорида қайд этилганидек, ҳал қилув қарори ана шу мурожаат асосида қабул қилинди. Бироқ шу орада низолашувчи тарафларнинг ҳаётига дахлдор бошқа бир муҳим воқеа ҳам юз берди.
Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича кассация ҳайъатининг 2024 йил 25 июлдаги ажримига мувофиқ, дастлабки босқич судининг эр-хотин ўртасидаги никоҳни тугатиш юзасидан 2023 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилинди. Никоҳ ўз кучида қолди.
Н. Хўжаниёзова 2024 йилнинг март ойида Хоразмга қайтиб келади. Бироқ бу хонадоннинг эшиклари энди унинг учун ёпиқ эди. Аммо шундай бўлса-да, у қарийб ярим асрлик умрини бағишлаган уйни тарк этмади. Шу ерда қолди. Аммо бу узоқа чўзилмади, адоғи кўринмайдиган ғалва, можаролар боис 2024 йил 20 апрелида эрига қарашли уйни тарк этди ва бунгача ота уйидан қўл силтаб чиқиб кетган қизи Д. Хўжаниёзованинг хонадонидан бошпана топди. Аммо у қўл қовуштириб, қараб турмади.
Бекор этилган никоҳни қайта тиклаш юзасидан юқори босқич судига кассация тартибида ариза билан мурожаат қилди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, кассация ҳайъатининг никоҳни ўз кучида қолдиршга оид ажрими ушбу мурожаат асосида қабул қилинди.
Уйда ёлғиз қолган Ё. Хўжаниёзов ҳам вақтни бекор ўтказмади. У шу пайтгача унинг хонадонида яшаб келган тўрт нафар фуқарони бу ердан расман чиқариб юбориш масаласини илгари сурди.
Инсонни уй-жойдан маҳрум этиш анча оғир ва мураккаб жараён. Бу етти ўйлаб бир кесишни, адолат, одиллик, қонун меъёрларига қатъий риоя этишни тақозо қилади. Кассация ҳайъати қонунийлик ва инсонийликнинг ушбу талабини ҳам назарда тутди. Уй-жой кодексининг айни шу масалага доир 52-моддасига эътибор қаратди. Унда қайд этилишича, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.
Табиийки, ушбу қоида Ё. Хўжаниёзовнинг хонадонидаги ҳолатга нисбатан ҳам тадбиқ қилинди. Маълум бўлишича, баҳсли уйда даъвогарнинг турмуш ўртоғи Норгул Хўжаниёзова 2024 йилнинг март ва апрел ойларида, қизи Дилором Хўжаниёзова ўша йилнинг март ойигача муқим яшаган, Дилнура Қобилова ва Ойгул Маҳмудова эса, бу уйда доимий яшамаган.
Олий суд Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 18-бандида таъкидланганидек, шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, манфаатдор шахсларнинг даъвоси бўйича, суд томонидан шахс турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топилиши мумкин. Агар суд шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони қаноатлантирмасдан рад этиши мумкин.
Кассация судида масалани адолатли ва қонуний асосларда ҳал этишнинг айни шу омили дастлабки босқич суди эътиборидан четда қолгани аниқланди. Судлов ҳайъати йўл қўйилган хатони бартараф этди: Урганч туманлараро судининг 2024 йил 28 майдаги ҳал қилув қарори қисман бекор қилинди. Янгидан чиқарилган ажримга мувофиқ, даъвогар Ё. Хўжаниёзовнинг жавобгар Н. Хўжаниёзова ва Д. Хўжаниёзованинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги талаби рад қилинди. Муқаддам чиқарилган ҳал қилув қарорининг Д. Қобилова ва О. Маҳмудовага оид қисми ўзгаришсиз қолдирилди.
Ҳукмингизга ҳавола қилинган ҳолатдан ким ҳақ-у, ким ноҳақ эканлигини англаш қийин эмас. Халқимиз қон-қариндошликни минг йилликка менгзайди. Хўжаниёзовлар оиласи аъзолари инсонийликнинг ушбу мўътабар талабини бажо келтиришдан ожиз қолишди. Натижада ўз хатти-ҳаракатларининг ажрини тортишди. Орадан меҳр қочар экан, унинг оқибати рўшноликка етакламайди. Инсон меҳр-оқибат ва унинг амалдаги ифодаси билан улуғ ва мўътабардир. Эътиборингизга ҳавола қилинган ҳолатлар унинг аксини намоён этди. Бу сингари воқеалар кўпчиликка сабоқ бўлмоғи даркор. Унинг тафсилотини шу важдан ҳам ҳукмингизга ҳавола этдик. Зеро, инсон — эзгулик ва меҳр-оқибат учун яралган мўътабар хилқат. Буни инкор этиш ва акс амалларнинг оқибати юқоридаги янглиғ можаро ва оворагарчиликларга сабаб бўлишини унутмаслик даркор.