Ноқонуний ўрнатилган банкоматлар демонтаж қилинади — Кадастр агентлиги

Агентлик директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов назорат тадбирлари Марказий банк билан ҳамкорликда мунтазам равишда амалга оширилишини қайд этди.
Ўзбекистонда ноқонуний ўрнатилган банкоматлар демонтаж қилинади. Бу ҳақда 24-март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов маълум қилди, дея хабар берди Spot мухбири.
Мирмақсудов жорий йил бошида электромобилларни зарядлаш стансиялари мажбурий равишда электр энергиясидан ўчирилгани ҳамда уларга демонтаж қилиш бўйича кўрсатма берилганига оид саволга тадбиркорлар фақат ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича огоҳлантириш олганини билдирди. Унинг қайд этишича, ер назорати тадбирлари мунтазам амалга оширилади.
“Қонуний ҳужжатга эга бўлмаган электромобилларни қувватлантириш стансияларини ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича хат чиқарилиб, расмий огоҳлантириш берилган. Лекин ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир тадбиркорнинг зарядлаш ускуналарини демонтаж қилиш ишлари амалга оширилмаган”, — деди у.
Агентлик матбуот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратовнинг қўшимча қилишича, электромобилларни қувватлантириш стансиялари фаолиятини расмийлаштириш билан боғлиқ жараён мунтазам амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, Атамуратов стансияларга қўйилган талаб ер назорати бўйича олиб борилган ишларнинг умумий натижаси асосида белгиланишини қайд этди. “Фақат демонтаж қилиш бўйича топшириқ берилган, дейиш нотўғри, умумлаштирилган ҳолда маълумот тақдим этилган бўлиши мумкин”, — деди у.
Бундан ташқари, Мирсаид Мирмақсудов ноқонуний ўрнатилган банкоматларни демонтаж қилиш бўйича ҳам назорат ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Марказий банк билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар мунтазам равишда давом эттирилади.
“Менда ҳозир қанча банкоматларни демонтаж қилиб, олдириб ташлаганимиз ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин ишлар доимий тарзда амалга оширилади. Буни Марказий банк ёки тижорат банклари ҳам тасдиқлаши мумкин”, — деди Мирсаид Мирмақсудов.
2024-йилнинг декабр ойи ўрталарида электромобилларни зарядлаш стансиялари мажбурий равишда ўчирилаётгани маълум бўлди. Бир нечта бозор иштирокчиларининг “Spot"га таъкидлашича, компаниялар бу ҳақида огоҳлантирилмаган ва уларга ҳуқуқий ҳужжатлар тақдим этилмаган.
Стансиялар операторлари Кадастр агентлигидан стансияларни демонтаж қилиш талаби билан кўрсатма олган. Агентликнинг Gazeta.uzъга маълум қилишича, текширувларда ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бошқа мақсадлар учун ажратилган ҳудудларда стансиялар ўрнатилган.
Декабр ойи ўрталарида Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов тегишли идоралар томонидан рейд ўтказилиб, шу куннинг ўзида бир қанча стансиялар ўчирилганини маълум қилди. Идоралар аралашувидан сўнг, стансиялар тармққа қайта уланган. Бироқ, кўп ўтмай, бир нечта бозор иштирокчилари аввал ўчирилган стансияларнинг барчаси ҳам тармоққа қайта уланмаганини билдирдилар.
Ҳудудий электр тармоқлари эса шартнома тузмаган ва техник шартлар олмаган электрзаправкалар тармоқдан узилганини қайд этди.