Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни интернетда намойиш этганлик учун жавобгарлик белгиланди

Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни интернетда намойиш этганлик учун жавобгарлик белгиланди

Кучли таъсир қилувчи моддаларни интернетда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда 5 октябрь куни президент имзолаган [ЎРҚ-971-сонли] қонунга кўра, айрим кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея Telegram`даги Huquqiy axborot канали хабар бермоқда.

Унга кўра, Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқларидан ва Интернетдан фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек гиёҳвандлик воситалар ёки психотроп моддаларни, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланиши белгиланди:

  • БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима;
  • 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!