Паралимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Бобур Омонов: "Malibu"га қизиқиб спортга кирганман..."

Паралимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Бобур Омонов: "Malibu"га қизиқиб спортга кирганман..."

Токио—2020 Паралимпия ўйинларида параенгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида Ф41 классида ядро улоқтириш баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бобуржон Омонов 14,06 метр натижани қайд этиб, Паралимпия рекордини янгилаган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. 10 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди. Унга Президент совғаси сифатида автомобиль ва Тошкент шаҳридан уйлар топширилди. Орадан икки кун ўтиб эса Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам Паралимпия ўйинлари совриндорига Андижон шаҳридан 2 хонали хонадон совға қилди.

«Дарё» мухбири Бобуржоннинг хонадонида бўлиб, у билан спортга кириб келиш тарихи, ғалаба йўлидаги қийинчиликлар ва келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашди. Унинг айтишича, болалигида бўйи пастлиги сабаб ўзини ҳимоя қилиш учун турли спорт турлари билан шуғулланишга, кучли бўлишга ҳаракат қилган.

Спорт билан болалигимдан шуғулланаман. 6—7 ёшлигимдан маҳалладаги акаларга қўшилиб, ўзим югурардим. 9—10 ёшимда спортнинг ушу тури билан шуғулланишни бошлаганман. Уч йил давомида турли даражадаги мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаганман. Эсимда, биринчи ютуғим Бухоро шаҳрида ўтказилган мусобақада бўлган. Ўшанда биринчи ўринни олганман. Ҳаттоки, уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлганман.

Авваллари мусобақалар кам бўларди. Ўтказиладиганларига эса ўз ҳисобингиздан боришингиз керак эди. Харажатларни ўз ёнингиздан кўтармасангиз, қолиб кетасиз. Шундай ҳолатлар бўлганки, баъзан маблағ томондан қийналиб қолган пайтларимизда айрим мусобақаларда иштирок эта олмаганман. Бундан ташқари ушуда асосан бўйингизга эмас, ёшингиз ва вазнингизга қараларди. Шу ва бошқа сабаблар ортидан аста-аста ушуга бўлган қизиқишим сўна бошлаган. Шундай бўлса-да машғулотларда ўзим учун қатнашардим. Қишлоқда ўсган бўлсак-да, ота-онам ҳеч қачон мени спорт билан шуғулланишимга қарши бўлмаган. Бундай дейишимга сабаб кўпчилик тенгдошларим уй ва дала ишларидан ортмасди. Спортдан ташқари вақтларимда дадамнинг тадбиркорлик ишларида ёрдамлашардим.

Бугунги даражага эришишимга ушбу спорт тури билан шуғулланишга чорлаган, устозим, 2016 йилда Риода ўтказилган Паралимпия ўйинлари иштирокчиси Мавлонбек Ҳайдаров ҳисобланади. Мавлонбек ака билан 2017 йилнинг бошларида ўзи очган, туман марказида жойлашган фитнес клубда танишганмиз. Ўша ерга дўстларим ва танишларим билан кунда-кун ора бориб, ўзимиз учун шуғулланиб турардик.

Мавлонбек ака ҳақида эшитгандим, аммо яқиндан гаплашмагандим. Одатий машғулотларнинг бирида Мавлонбек ака мени кўриб, олдига чақирди. Суҳбат давомида бўйимни неча сантиметр эканлигини сўради. «Бўйим 140 сантиметр бўлиши керак» десам, шунда устозим «агар бўйинг 140 сантиметр бўлса, шогирдликка қабул қилиб, сени чемпион қиламан» деди. Эртаси куни яна борганимда бўйимни ўлчаганимизда роса тўғри келиб, 140 сантиметр чиққан. Кейин Марҳамат туманидаги «Пахтакор» ўйингоҳига борганмиз. Шу ерда тош улоқтиришни ўргандим. Мана шундай қилиб, спорт билан жиддий шуғулланишни бошлаганман.

Тўғриси, унга қадар ҳам енгил атлетика билан ўз соғлиғим, бўйимни ўстириш учун шуғулланганман. Унда фақат югуриш машқларини бажарардим. Шундан кейин енгил атлетиканинг бошқа турлари ҳам борлигини билганманБир сирни айтишим керак, машғулотларни бошлаган давримда мен ҳам устозим каби Президент қўлидан қимматбаҳо совғаларни олишни орзу қилардим. Аниқроғи, Malibu’га қизиққанман. 2017 йилдан бошлаб Мавлонбек ака қўл остида шуғулланишни бошлаган бўлсам, ўша йилнинг ўзидаёқ ютуқларга эриша бошлаганман. Мисол учун, август ойида Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритганман. Бундан ташқари 2017 йилнинг 8—14 декабрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида енгил атлетика, сузиш ва пауэрлифтинг спорт турлари бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган III Ёшлар Параосиё ўйинларида ҳам олтин медал олганман.

Қисқа муддат ичида эришилган натижалар менга янада куч бағишлаб, кўпроқ ютуқларга эришишга бўлган умид учқунини уйғотди. Бироқ кўнглимда «ҳали ёш спортчи бўлсам, Паралимпия ўйинларига тайёрланишга улгурармиканман?» деган хаёллар ўтарди. Лекин ўз олдимга қўйган мақсад сари интилишдан тўхтамадим. Натижада 2018 йилнинг кузида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган III ёзги Параосиё ўйинларида ҳам иштирок этиб, ғолиб бўлдим.

2019 йилнинг ноябрь ойида Дубай шаҳрида параенгил атлетика бўйича ўтказилган Жаҳон Чемпионатида омад кулиб боқиб, 14,03 метр натижа билан олтин медал ҳамда Токио—2020 Паралимпиадасига йўлланмани қўлга киритдим. Ушбу йирик мусобақанинг бир йилга кечиктирилгани менга анча фойдали бўлди. Боиси, ўз устимда тинимсиз ишлашга ҳаракат қилдим.

2021 йил мен учун омадли келди, десам янглишмайман. Боиси, жорий йилнинг февраль ойида БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган параенгил атлетика бўйича «Фазза» халқаро Гран-при турнирида олтин медал қаторида жаҳон рекордини ҳам янгилашга муваффақ бўлдим. Ўшанда ядро тошини 14,31 метрга улоқтиришга муваффақ бўлгандим. Сўнгги натижани эса барча юртдошларимиз яхши билишади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!