Миср сувсизликка қарши курашда “гидропоника” усулини қўлламоқчи

Миср сувсизликка қарши курашда “гидропоника” усулини қўлламоқчи

Сув танқислиги ва экин майдонларининг қисқариши шароитида Мисрдаги айрим хўжаликлар тупроқсиз деҳқончиликка ўтмоқда.

Тупроқсиз қишлоқ хўжалиги (гидропоника) – тупроқсиз ва юқори назорат остидаги иссиқхоналар ичида озуқа моддаларига бой сувдан фойдаланган ҳолда ўсимликларни етиштиришни англатади. Бунда ўсимлик илдизларини қўллаб-қувватлаш учун қум, шағал, гил, кўпик ёки шимгич каби тупроқсиз субстратлар ишлатилади. Гидропоника ёрдамида анъанавий етиштириш учун зарур бўлган сувнинг қарийб 90 фоизини тежаб қолиниши мумкин.

БМТ маълумотларига кўра, Миср йиллик сув танқислигига дуч келмоқда. Айни пайтда Мисрнинг 5 фоиздан камроғини ташкил этувчи экин майдонлари урбанизация туфайли қисқармоқда. Қолган 95 фоизи чўлдир. Миср расмийлари гидропоника ёрдамида тупроқ касалликлари, тупроқ шўрланиши, сувсизланиш ва юқори ҳарорат каби кўплаб муаммолардан халос бўлишларига ишонишмоқда.

Экологик афзалликларидан ташқари, гидропоника тезроқ ўсиш ва кўпроқ маҳсулдорликка эришиш имконини беради.

Шу сабабли Мисрдаги хўжаликлар тупроқсиз деҳқончилик ёрдамида тежалган сувни стратегик экинларга, жумладан, буғдойни суғоришга йўналтиришни режа қилишмоқда. Натижада, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан кўпроқ даромад олишлари мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!