Минскда Беларусь ахборот вазирига «Олтин қалам» халқаро танлови дипломи топширилди

Минскда Беларусь ахборот вазирига «Олтин қалам» халқаро танлови дипломи топширилди

Ўзбекистоннинг Минскдаги элчиси Носиржан Юсупов «Олтин қалам» XIV миллий мукофоти учун халқаро танлов ташкилий қўмитаси ва ҳакамлар ҳайъати номидан Беларусь ахборот вазири, таниқли ёзувчи ва публицист Александр Карлюкевичга диплом ва қимматбаҳо совғани топширди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Анъанага кўра, Ўзбекистондаги танлов якунлари 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни эълон қилинди. Александр Карлюкевичнинг публицистик ишлари «Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» номинацияси бўйича диплом билан тақдирланди.

Элчи Александр Карлюкевичнинг Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги жадал ривожланаётган муносабатларга қўшаётган улкан шахсий ҳиссасини эътироф этди. Муаллиф ўз асарларида мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, умумий тарих, умумий қадриятларни асраб авайлашга чақиради («Ми слишим друг друга»), ўқувчиларини Беларусь шоири Якуб Коласнинг уруш йилларида Тошкентда ўтган ҳаёти ва фаолияти орқали икки давлат адибларининг дўстона мулоқоти сарчашмалари билан таништиради («Из хроник жизни поэта») ва Беларусни фашистлардан озод қилиш учун курашган ўзбекистонлик жангчиларнинг қаҳрамонликларини куйлайди («Казбек и другие»).

Унинг китоблари ўқувчиларда географик жиҳатдан узоқ мамлакат, бироқ руҳият ва миллий характер бўйича яқин халққа нисбатан қизиқиш уйғотади, ўзбек халқи тарихи, қадриятлари, ўзбек ёзувчиларининг бадиий асарларини янада чуқурроқ ўрганишга туртки беради.

Элчи Александр Карлюкевичнинг келгусида ҳам ўқувчиларини ўз асарлари билан қувонтиришда давом этишига умид билдирди.

Александр Карлюкевич ўз навбатида Халқаро танлов ташкилотчилари ва ҳакамларига асарларини юқори баҳолаганликлари учун миннатдорлик билдирди.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!