МЕН ЯХШИ ЯШАШНИ ЎРГАНДИМ...

МЕН ЯХШИ ЯШАШНИ ЎРГАНДИМ...

Қандай дейсизми? Ҳайрон бўлманг, буни камина Бойтўра яхши билади. Бунинг учун битта сўзи ўткир ва соғлом хотин бўлса кифоя. Албатта, сиз ҳам оила бош­қарувчиси сифатида уддабурон, қаттиққўл, гоҳида эса хотинга ҳам бирозгина эркинлик берадиган, энг асосийси, пулни қандай ишлатишни биладиган эркак бўлишингиз керак. Қарабсизки, мақсадингизга эришасиз. Бу орада табиийки, дўстларингиз кўпайиши билан бирга, атрофингизда сизни кўролмайдиганлар ҳам пайдо бўлади.

Аёлим билан маслаҳатлашиб (гоҳида аёлнинг ҳам фикрини эшитиш зарар қилмас экан), уни Туркияга ишлашга жўнатдим. Ўйламанг бу қанақа одам деб, йўқ, мен ўта ҳамиятли ва ғурурли эркакман. Негаки, хотиним ўзга юртда ёлғиз бўлмайди. У 6-7 йилдан буён ўша ерда юриб, "местний"лашиб кетган синглимнинг ёнида. Қолаверса, опам ҳам ўшақда-ку, қараб ўтирмас...

Мана, хотинимнинг кетганига бор-йўғи икки йил бўлибдики, уйларни қўшниларникидан анча баланд қилиб кўтардим. Фарзандларимни ўқитяпман. Бир куни гаплашсам, бехосдан "Бўлди, уйга қайтаман", дейди. Эй, шошилма, калланг ишлайдими, бизда одамлар бир бурда нонга зор бўлиб юрибди, келиб нима қиласан, дедим. Тўғри-да, бу ерда нима ҳам қилади. Яна уч-тўрт йил ишласа кифоя. Ўғлим билан қизим катта бўлиб боряпти, уларга алоҳида уй-жой қилиш керак. Аҳмоқмисан, дедим унга, опам ва синглимдан ўргансанг бўлмайдими, уларни қара, бир умрга етадиган пул жўнатишди.

Очиғи, шу аёл дегани барибир аёллигига борар экан. Шунча пулни ташлаб келиб бўладими? Ҳали машина олишим керак. Шунча йил машинасиз юрганим етади. Мен қаториларнинг иккитадан машинаси, уйи бор.

Ҳарқалай, хотиним шуларни тушуниб, яна ишлаяпти. Йўқса, бир ойдан буён телефон қилмади, келиб қўярди-да.

Бойтўранинг ҳасратларини

Абдуазиз ҲОШИМОВ ёзиб олди.

"Зарафшон" газетаси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!