Марсга юборилган биринчи одамлар орқага қайтмайди – Маск

Марсга юборилган биринчи одамлар орқага қайтмайди – Маск

Илон Маск Марс сайёрасини колонизация қилиш жараёни ҳақидаги режалари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда у Техас штатидаги SpaceX базасида ўтказилган тақдимот чоғида гапирди.

«Бу фақат бир томонга мўлжалланган чипта», – деди у.

SpaceX асосчиси Илон Маск Марсга борадиган биринчи одамлар ҳеч қачон Ерга қайтмаслигини тасдиқлади. Миллиардер ўз компанияси узоқ вақтдан бери Марсга бир миллион одамни юбориш режасини ишлаб чиқаётганини айтди.

Маск сўзларига кўра, Қизил сайёрани ўзлаштириш жараёни Starship кемалари қисмларидан фойдаланишга асосланади. Яъни, Марсга юбориладиган биринчи транспорт воситалари Ерга қайтмайди.

«Бу кемалар Марсда одамлар учун фойдали бўлади. Starship қисмларидан қимматбаҳо материалларни олиш учун фойдаланиш мумкин. Бу кемалар қайтарилмайди, балки улардан хомашё манбаи сифатида фойдаланилади. Албатта, кейинчалик барибир қайтиб келадиган қурилмалар ишга туширилади. Биз одамларга қайтиб келиш имкониятини беришимиз керак, чунки кимдир буни қилишни хоҳлайди. Лекин менимча, Марсга борадиган кўпчилик ҳеч қачон Ерга қайтмайди», – деди Илон Маск.

Илон Маск Starship ёрдамида эртами-кечми инсониятни мултипланетар турга айлантириш мумкинлигига умид қилмоқда. Бу ҳақда фақат Марсдаги инсон колонияси Ер ёрдамисиз мустақил равишда яшаб кета олсагина гапириш мумкин. Бунинг учун Қизил сайёрага бир миллионга яқин одамни, шунингдек, бир неча миллион тонна юкни етказиш керак бўлади.

SpaceX яратувчиси бу миссияда ҳозир парвоз синовларидан ўтаётган Starship кемасига алоҳида рол юкламоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!