Маъмурий жарималарнинг ҳуқуқбузарликларга мутаносиблигини қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда

Маъмурий жарималарнинг ҳуқуқбузарликларга мутаносиблигини қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги амалдаги маъмурий жарималар миқдорини содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиб бўлишини таъминлаш учун қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Агентлик таҳлили маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмлари мавжуд эмаслигини кўрсатди, шу сабабли содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб жарима солинмоқда. Йўналиш тартибга солинмагани боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайди.

Масалан, автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик (бир йил ичида такрор содир этилганда 13,6 млн сўм) жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11−13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда.

Маълумот учун, Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда — 60 минг сўмни, Беларусда — 138 минг сўмни ташкил қилади.

Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ, дея таъкидлайди агентлик.

Пиёдаларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур, дея ҳисоблайди агентлик. Ҳозирда пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш 170 минг сўм, пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши 113 минг сўм ва ҳоказо.

Маълумот ўрнида, Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўм, Буюк Британияда — 1,6 млн сўм, Францияда — 1,85 млн сўм, БААда — 1,7 млн сўмни ташкил этади.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда (хусусан, Беларус, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия, Италия) маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институти жорий қилинган. «Огоҳлантириш» жисмоний ва юридик шахсларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мулкига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (23-модда) мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун 7 турдаги маъмурий жазо қўлланилиши мумкин. Бироқ маъмурий жазо тури сифатида «огоҳлантириш» қўлланилмайди. Агентликнинг қайд этишича, «огоҳлантириш» институти алоҳида турдаги маъмурий жазо сифатида жорий этилиши керак.

Шу билан бирга, таҳлил натижаларига кўра, идора томонидан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш таклиф этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!