Кучли шамол сабаб Тошкент вилоятидаги 12,5 минг хонадон электр таъминотисиз қолди

Кучли шамол сабаб Тошкент вилоятидаги 12,5 минг хонадон электр таъминотисиз қолди

Бугун, 28 март куни соат 09:33 да қаттиқ шамол натижасида Тошкент шаҳрида 110 кВли “Л-К-Д” электр узатиш тармоғи 60 МВт қувват билан авариявий ўчди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг натижасида Тошкент вилоятининг Пискент, Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида истиқомат қилувчи 12 минг 550 та истеъмолчи, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.

“Ҳозирги вақтда истеъмолчиларни бошқа манбалардан таъминлаш чоралари кўриляпти”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, соат 10:20 да Чилонзор тумани, 19-даҳа “Хирмонтепа” маҳалласида диаметри 50 миллиметр бўлган паст босимли газ қувури катта дарахт шамол оқибатида илдизидан қўпорилиб тушгани боис узилган. Натижада, ушбу ҳудуддаги 16 та кўп қаватли уйнинг 768 та хонадони табиий газдан вақтинча узилган.

Айни пайтда ноқулай об-ҳаво (қаттиқ шамол ва ёмғир) шароитига қарамасдан, махсус бригадалар томонидан ушбу носозликлар бартараф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Жиззах вилоятида шамол ва қор таъсирида 6-10 кВли 5 та электр узатиш тармоғида носозлик юзага келганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!